Татаристон ахборот агентлиги Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия меросини ёритди
Июнь 07, 2026. 16:45 • 2 дақ
• 8
ҚОЗОН, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Татаристоннинг “Татар-информ” ахборот агентлигида Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Агентликнинг ёзишича, XIV аср охири – XV аср бошлари чуқур сиёсий ўзгаришлар даври бўлиб, Амир Темур Ҳиндистондан Яқин Шарққача бўлган кенг ҳудудларни бирлаштиришга ҳамда барқарор бошқарув тизимига эга қудратли давлат барпо этишга муваффақ бўлган.
Амир Темур сиёсатда дипломатияга алоҳида аҳамият берган. У Европа мамлакатлари, жумладан, Франция, Англия ва Кастилия билан дипломатик алоқалар ўрнатган. 1404 йилда Самарқандга ташриф буюрган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо давлат бошқарувининг юқори даражада ташкил этилгани, ривожланган инфратузилма ва чет эл элчиларига кўрсатилган юксак эҳтиромни алоҳида таъкидлаган.
Мақолада Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида баён этилган давлат бошқаруви тамойилларидан ҳам мисоллар келтирилган. Асарда қайд этилишича, давлат тўрт устунга – кенгаш, муҳокама, пухта ўйланган режа ва қатъиятга таянган. Ишларнинг ўндан тўққиз қисми кенгаш ва оқилона чоралар билан, фақат ўндан бир қисми эса қилич кучи билан ҳал этилган. Бу тамойил дипломатия ва ҳуқуқий қарорларнинг ҳарбий кучдан устун қўйилганини кўрсатади.
Амир Темур вафотидан сўнг унинг ворислари – темурийлар давлат тараққиётини давом эттириб, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратган. Бу давр тарихда Иккинчи Шарқ Ренессанси сифатида эътироф этилган.
Темурийлар сулоласи вакиллари орасида буюк астроном, математик ва давлат арбоби, Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек алоҳида ўрин тутади. Унинг энг катта ютуқларидан бири Самарқандда расадхона барпо этгани бўлиб (1420-йиллар), у ерда 1000 дан ортиқ юлдузнинг координаталари акс эттирилган машҳур астрономик каталог “Зижи Султоний” яратилган.
Бугунги кунда Темурийлар мероси билан Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказида танишиш мумкин. Марказда мазкур даврнинг маданий ва маънавий бойлигини намоён этувчи ноёб экспонатлар сақланмоқда. Улар орасида хаттот Умар Ақта томонидан Амир Темур учун кўчирилган Қуръони каримнинг бир қисми (“Бойсунғур Қуръони” номи билан машҳур), шунингдек, Қуръон оятлари ва Аллоҳ таолонинг 99 исми битилган Бобурийлар сулоласига мансуб туморли кийим ҳам мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси