Вон До Ён: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи муҳим аҳамиятга эга
Сентябрь 15, 2026. 08:10 • 9 дақ
• 83
ТОШКЕНТ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Корея Республикаси элчиси Вон До Ён Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга давлат ташрифи арафасида “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Жаноб элчи, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини қандай баҳолайсиз ва Сизнингча, қайси йўналишлар уларнинг истиқболдаги ривожини белгилаб беради?
– Авваламбор, ушбу интервьюни бераётганимдан этишдан жуда ҳам мамнунлигимни изҳор қиламан!
Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси 2019 йилда алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган. Бугунги кунда, фикримча, ушбу алоқалар мисли кўрилмаган юксак ривожланиш даражасига етди. Турли соҳаларда ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Инвестициялар ва савдо ҳажми кенгаймоқда, шунингдек, Ўзбекистонга ташриф буюраётган кореялик сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда 100 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилиш ёки таълим олиш мақсадида Жанубий Кореяда бўлиб турибди. Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига келсак, бугунги кунда мамлакатларимиз қайта ишлаш саноати ва транспорт инфратузилмаси каби анъанавий йўналишларда муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект, фармацевтика, биотехнологиялар каби келажакка йўналтирилган илғор тармоқлар, шунингдек, иқлим ўзгариши соҳасидаги алоқалар фаоллашиб бормоқда.
Бироқ оддий инсонлар ўртасидаги ришталар ҳамкорликнинг негизини ташкил қилади. Ўзбекистондаги корейс диаспораси ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилмоқда.
– Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сеулга давлат ташрифи амалга оширилади, шунингдек, «Марказий Осиё – Корея Республикаси» шаклидаги биринчи саммит бўлиб ўтади. Жанубий Корея томони ушбу тадбирларга қандай аҳамият қаратмоқда ва ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда Корея Республикасининг Марказий Осиё давлатлари билан шериклигини мустаҳкамлаш йўлида қандай аниқ келишувлар ва амалий натижаларга эришиш кутилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи алоҳида аҳамиятга эга.
16 сентябрь куни Сеулда бўлиб ўтадиган «Корея Республикаси – Марказий Осиё» шаклидаги саммит тарихда илк бор олий даражада ташкил этилади. 2007 йилдан буён вазирлар даражасида ўтказиб келинаётган учрашувлар давлат раҳбарлари даражасига кўтарилмоқда.
Жанубий Кореяда кўплаб халқаро тадбирлар ва учрашувлар уюштирилади, бироқ «Корея Республикаси – Марказий Осиё» саммити жорий йилдаги ягона кўп томонлама саммитга айланади. Айнан шунинг учун ҳам у алоҳида аҳамиятга эга.
Унда муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланиши ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор чора-тадбирлар эълон қилиниши кутилмоқда. Шуни айтиш мумкинки, ушбу ҳужжатлар нафақат транспорт инфратузилмаси, қайта ишлаш саноати ёки иқлим ўзгариши каби соҳаларни, балки Ўзбекистон учун манфаатли бўлган соғлиқни сақлаш ва таълим каби йўналишларни ҳам қамраб олади.
Лекин энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сеулга давлат ташрифи икки етакчининг бир-бирига янада яқин бўлиши учун қимматли имконият бўлади, деб ҳисоблайман.
Икки Президентда кўплаб муштарак жиҳатлар мавжуд. Улар икки марта мулоқот қилган. Ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёев билан биринчи телефон мулоқоти бўлиб ўтган эди. Кейинроқ давлат раҳбарлари БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашдилар. Бўлажак саммит эса учинчи мулоқот бўлади.
Икки етакчи ўртасида аллақачон яқин муносабатлар қарор топган, бироқ Сеулга давлат ташрифи янада чуқурроқ мулоқот олиб бориш ва амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун қулай имконият бўлишига ишонаман.
Юқорида қайд этганимдек, икки етакчида кўплаб умумий жиҳатлар мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, 2026 йилни “Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йили” деб эълон қилди. Президент Ли Чжэ Мён ҳам ушбу масалага катта эътибор қаратмоқда.
– 2026 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга кўпайди, юртимиз иқтисодиётига жалб этилган Жанубий Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 8 миллиард доллардан ошди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдонинг янада ўсиш салоҳиятини қандай баҳолайсиз? Ўзбекистонга Корея инвестицияларини жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун яна қайси тармоқ ва йўналишларни истиқболли деб ҳисоблайсиз?
– Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги инвестициялар ва савдо ҳажми сезиларли даражада ортмоқда. Менинг фикримча, ҳамкорликни янада ривожлантириш салоҳияти деярли чексиздир. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мен буни ҳар куни ҳис қиляпман.
Агар бугунги кунда амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, Жиззахдаги “KIA” автомобилларини ишлаб чиқариш заводини эсга олиш мумкин. Агар илгари ушбу корхонада “Sonet” модели тайёрланган бўлса, энди маҳсулотлар қаторига “K3” русумидаги замонавий машиналар ҳам қўшилди.
Жанубий Кореядан олиб келинган “Жалолиддин Мангуберди” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезди яқинда Тошкент - Хива – Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатлана бошлади.
Икки томонлама муносабатлар қанчалик мустаҳкамланиб бораётгани, Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон бозорига нечоғли фаол кириб келаётгани ва сармоя жалб этаётганига амалда кўпчилик гувоҳ бўлиб турганига ишонаман.
Бугунги кунда амалга оширилаётган салмоқли инвестициялар қаторида роботлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Robotis» компаниясини қайд этиш мумкин. Мазкур компания Ўзбекистонга тахминан 100 миллион доллар миқдорида сармоя киритмоқда ва роботлар учун бўғинлар ишлаб чиқариш заводини бунёд этмоқда. Бундан ташқари, «AHA» компанияси Фарғона вилоятида электрон доскалар заводини ишга туширади.
Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга туртки берувчи куч - бу уларнинг бир-бирини тўлдира олиш салоҳиятидир. Жанубий Корея юқори технологик ривожланиш даражасига эга, Ўзбекистон эса нафақат бой табиий ресурслар ва фойдали қазилмаларга, балки юқори малакали кадрларга эга. «Robotis» компаниясининг Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишида ушбу жиҳат ҳам аҳамият касб этди.
Мамлакатларимиз ўта муҳим фойдали қазилмаларни биргаликда қидириш ва ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, уларни Жанубий Корея, ЕИ давлатлари ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиш масалаларини фаол муҳокама қилмоқда.
– Мамлакатларимиз таълим соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг филиаллари очилмоқда, қўшма таълим дастурлари кенгаймоқда. Ушбу ҳамкорликнинг янги Ўзбекистон иқтисодиёти учун малакали мутахассислар тайёрлашдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Кўпчилик мендан Жанубий Корея иқтисодий тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи нима бўлгани ҳақида қизиқиб сўрайди. Мен одатда “бу инсон капиталига киритилган инвестициялардир”, деб жавоб бераман. Менимча, Кореянинг жадал ривожланиши айнан таълимга киритилган катта миқдордаги сармоялар билан боғлиқ эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Шу маънода, нафақат Корея Республикаси университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари, балки бизнинг мамлакатимиздаги олий билим юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда 15 мингга яқин ўзбекистонлик талаба Жанубий Кореяда турли йўналишлар бўйича таълим олмоқда.
Ушбу ёшлар илғор технологиялар ва замонавий мутахассисликларни ўрганиб, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Бу эса мамлакатингизга келажак сари сифатли қадам ташлаш ва ривожланган мамлакатлар даражасига янада яқинлашиш имконини берувчи ижобий муҳит яратади. Бугунги кунда Ўзбекистон изчил равишда айнан шу йўналишда ҳаракат қилмоқда.
– Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқлари ўртасида мустаҳкам гуманитар алоқалар қарор топган. Маданий алмашинувлар ва ўзаро туризмни янада кенгайтириш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Авваламбор, Жанубий Кореяда Ўзбекистон маданиятига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини таъкидламоқчиман.
Сеулда Марказий Осиё кўчаси бор ва менинг дўстларим ўзбек ресторанларига бориб, миллий таомлар, жумладан, палов ва кабобни татиб кўришни одат қилган.
Оддий инсонлар ўртасидаги алоқалар ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун, энг аввало, уларнинг бир-бирига бўлган ўзаро қизиқишини қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайман. Ва мени кўп қувонтирадиган нарса шуки, Корея Республикасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш мунтазам ортиб бормоқда. Мен бунга катта аҳамият бераман ва буни жуда ижобий баҳолайман.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистонга ташриф буюраётган кореялик сайёҳлар сони жадал кўпаймоқда. Ўтган йили мамлакатингизга 45 минг нафарга яқин корейс миллатига мансуб фуқаролар ташриф буюрди ва бу кўрсаткич бир йил олдингига нисбатан 15–20 фоизга кўп бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда Жанубий Корея маданияти, таомлари, косметикаси ва бошқа соҳаларига катта қизиқиш билдирилаётгани учун миннатдорлик билдираман.
Бундай қизиқиш қатор амалий ҳамкорлик лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ қилишга хизмат қилмоқда, деб ҳисоблайман. Масалан, фармацевтика кластери доирасида Корея Республикасининг Ёнсе университети билан ҳамкорликда фармацевтика факультети ташкил этилмоқда. Келгусида ушбу лойиҳани кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, нафақат Жанубий Кореянинг биотехнология компаниялари, балки косметика компаниялари ҳам бу ерда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шундай қилиб, Жанубий Корея маданиятига бўлган қизиқиш ва K-beauty феномени Ўзбекистонда Корея маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.
Маданий ҳамкорлик босқичма-босқич амалий ва иқтисодий шерикликка айланиб бораётганини жуда ижобий сигнал, деб биламан.
– Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг кейинги ўн йиллиги ҳақида гапирадиган бўлсак, 2035 йилга бориб икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни қандай кўришни истардингиз? Қайси йўналишлар унинг асосий таянчларига айланиши мумкин?
– Мен 2035 йилга бориб Ўзбекистон янада юқори натижаларни қўлга киритишига ишонаман.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг етук раҳбарлигини ҳамда ҳар куни иш жараёнида ҳамкорлик қилаётган ўзбекистонлик давлат хизматчилари фаолиятини кузатар эканман, Ўзбекистон юксак марралар сари дадил қадам ташлаётганига гувоҳ бўлмоқдаман.
Сўнгги 30 йил давомида Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб келди. Агар келгуси 10 йил ичида ўзаро ҳамкорлик тажрибаси ана шундай суръатларда бойишда давом этса, Сеулнинг Ўзбекистон учун алоҳида стратегик шерик сифатидаги ўрни ва мақоми янада мустаҳкамланади.
Биз Жанубий Корея - Ўзбекистон муносабатларини алоҳида стратегик шериклик деб атаймиз. Бироқ менга энг ёқадигани – бу “қардош мамлакатлар” иборасидир. 2035 йилга бориб мамлакатларимиз нафақат қардош давлатлар, балки энг яқин ва энг аҳил биродарларга айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу қардошлик муносабатларининг негизини ташкил этувчи ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида транспорт инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Бугунги кунда Ўзбекистон “денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат (landlocked country)” мақомидан “қуруқлик орқали боғланган мамлакат (land-linked country)” мақомига ўтиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистонни тараққий этган давлатга айланиши учун энг муҳим турткилардан бири бўлади, деб ҳисоблайман.
Бизнинг мамлакат ушбу саъй-ҳаракатларда аллақачон фаол иштирок этмоқда. Масалан, “Янги Тошкент” аэропорти қурилиши лойиҳасида “Incheon International Airport” асосий ҳамкор сифатида қатнашмоқда. Биз, шунингдек, темир йўл соҳасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Жумладан, мен юқорида тилга олган “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поездларини етказиб беришни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ушбу биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ҳақиқий маънода “қуруқлик орқали боғланган мамлакат”га айланишида бундан буён ҳам ишончли ҳамкорлик ролини ўйнаш ниятида.
Икки мамлакат ўртасидаги инсоний алоқаларга келадиган бўлсак, бу ерда 170 минг кишилик корейс диаспораси алоҳида роль ўйнайди.
Келгусида Корея Республикасида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари сони 100 мингдан 200–300 мингга, Ўзбекистонга ташриф буюраётган корейслар сони эса 50–100 минг нафаргача кўпайишига умид қиламан.
Бундай инсоний алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш ва Жанубий Корея билан Ўзбекистонни чинакамига қардош мамлакатларга айлантириш имконини берувчи мустаҳкам таянч бўлишига ишонаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси