Россиянинг Барнаул шаҳрида илк бор Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Апрель 18, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 169БАРНАУЛ, 18 апрель. /“Дунё” АА/. Олтой ўлкасида Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан юртимизнинг бой маданий мероси ва туризм имкониятларига бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров мазкур форум Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар ютуқлари ва туризм соҳасидаги имкониятларини намойиш этишга қаратилганини таъкидлади. Унинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим туризм марказларидан бирига айланмоқда. Мамлакатда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, хавфсизлик ва хизмат сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Форум доирасида меҳмонларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди. Қайд этилишича, 2026 йилга келиб Россия ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида янги тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши натижасида россиялик сайёҳлар сони бир миллиондан ошиши мумкин. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 500 дан ортиқ рейс амалга оширилмоқда.
Тадбирда Олтой ўлкаси ҳукумати вакиллари ҳам иштирок этди. Хусусан, Олтой ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари – губернатор ва ҳукумат маъмурияти раҳбари Виталий Снесар губернатор Виктор Томенко номидан ушбу ташаббус учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда икки ҳудуд ўртасидаги маданий ва туризм алоқалари сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди.
Шунингдек, “Олтой ўлкаси халқлари уйи” директори Наталья Разгоняева Ўзбекистон маданияти ва тарихи билан танишиш имконига эга бўлганидан мамнун эканини таъкидлади. У ўзбек диаспорасини қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканини айтди.
Форум доирасида туризм соҳасига бағишланган давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда Олтой ўлкасининг туризм ташкилотлари ва етакчи компаниялари иштирок этди. Улар Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаб, янги туризм йўналишлари билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Учрашувда таъкидланганидек, илгари Ўзбекистон асосан Буюк Ипак йўли билан боғлиқ маданий туризм йўналиши сифатида танилган бўлса, бугунги кунда мамлакатда кўп тармоқли туризм тизими шаклланмоқда. Айниқса, ички логистика ва саёҳатларни ташкил этиш имкониятлари анча яхшиланган.
Россия томони Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Айниқса, тарихий, этно-гастрономик, болалар, тиббиёт ва авто туризм йўналишларига қизиқиш катта.
Музокаралар якунида шу йил ноябрь ойида Олтой ўлкаси туроператорларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




