Президент Шавкат Мирзиёев шахматчи Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди
Апрель 15, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 252
ТОШКЕНТ, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Халқаро шахмат федерациясининг номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси ёш гроссмейстеримизни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
Суҳбатда Жавоҳир Синдоров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 14 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этди.
Президентимиз энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу тарихий ғалаба билан чин юракдан табриклади.
Жавоҳир Синдоров юксак эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси