Ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари Озарбайжон бозорида кўпаймоқда
Апрель 22, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 119БОКУ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноати вакилларидан иборат делегация Боку шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур хизмат сафарида “Yuksalish tekstil”, “Textile Pro Group”, “Fashion premium”, “Grand tex groups”, “Sofiya sof tekstil”, “Bahmal Textil”, Usmon Nur Tekstil, “UZtex group”, “Rayonaxon” каби юртимизнинг 15 дан ортиқ етакчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этди.
Озарбайжон томонидан музокараларда тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилиш ва тарқатишга ихтисослашган 30 дан ортиқ компания ҳамда савдо марказлари вакиллари қатнашди. Иштирокчиларга ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари тақдим этилиб, B2B форматидаги учрашувлар ўтказилди.
Тадбир якунида Озарбайжоннинг йирик савдо мажмуаларида савдо майдонлари ва омборхоналар ташкил этиш, ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари шоурумларини очиш ҳамда жорий йилда озарбайжонлик дистрибьюторларнинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Озарбайжонда тўқимачилик маҳсулотлари импорти йилига 1 миллиард долларгача етади. Сўнгги беш йилда мамлакатда тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб 2,5 баробарга ошган. Ўзбекистондан Озарбайжонга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми эса 27 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



