Ўзбекистон Президенти МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
Октябрь 09, 2026. 14:20 • 5 дақ
• 68
ТОШКЕНТ, 9-октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик зонасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда МДҲ бош котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашдилар.
Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида барчани қутлуғ сана – Ҳамдўстликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, юз бераётган ўзгаришларга қарамай, мамлакатларимиз ва халқларимизни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келаётганини таъкидлади.
– Бугунги кунда дунё тубдан ўзгармоқда. Зиддиятлар ортиб бормоқда, одатий иқтисодий алоқалар қайта қурилмоқда. Бундай вазиятда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш ва келишувларимизнинг реал натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир, – деди Ўзбекистон Президенти.
Иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ва тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолаётгани таъкидланди.
Савдо-инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш зарурлиги қайд этилди.
Шундан сўнг мамлакатимиз етакчиси биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қаратиш керак бўлган қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди.
Аввало, техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Иқтисодиётлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда озиқ-овқат хавфсизлиги алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Бу борада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битимни ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатларда келишиб олиниши ва тасдиқланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Мамлакатлар бозорларидаги вазиятни олдиндан прогноз қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди.
Саноат соҳасидаги имкониятларни бирлаштириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бизнес вакилларининг ҳамкорликда ишлашдан манфаатдорлиги юқори экани, буни янада ривожлантириш мақсадида махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” тез фурсатда келишиб олиниши зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз транспорт жиҳатдан боғлиқлик масаласига алоҳида тўхталиб, интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдори эканини билдирди ҳамда Туркманистон томонининг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида яқин ўн йилликларга мўлжалланган узоқ муддатли прогнозга эҳтиёж юқори экани таъкидланди.
– Бу эса энергиянинг мавсумий ортиқчалиги ва тақчиллиги қаерда ва қачон юзага келиши, қайси тармоқларни ривожлантириш зарурлиги ҳамда гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни қандай қилиб энг самарали тарзда уйғунлаштириш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини бериши лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
– Бу борада мувофиқлаштирилган ва амалий қарорлар зарур. Биз кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш тарафдоримиз, – деди Президентимиз.
Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Маданий-гуманитар алоқалар Ҳамдўстлик мамлакатлари ва халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш орқали бу йўналишни янада ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Бугунги кунда янги технологиялар таъсирида тез ўзгариб, замонавий иқтисодиётнинг мустақил ва муҳим тармоғига айланиб бораётган ижодий индустрияларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди.
Шу муносабат билан “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Замонавий хавф-хатарлар қаторида бутун дунёда кўлами жадал ўсиб бораётган кибержиноятчилик муаммоси алоҳида қайд этилди.
– Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик аллақачон фуқаролар ва бизнесга жиддий зарар етказмоқда, мамлакатларимиз молия тизимларининг барқарор ишлашига хавф туғдирмоқда, – деди Ўзбекистон Президенти.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлари кенгашига қисқа муддатда трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклиф этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон келгуси йили МДҲга раисликни қабул қилишга ва Ҳамдўстликни ривожлантириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга меҳмондўстлик ҳамда саммитни юксак савияда ташкил этгани учун миннатдорлик изҳор этди.
Йиғилиш давомида Ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси