Logo

Бишкекдан муносабат: Остонадаги учрашувлар шуни кўрсатадики, сув ва экология масалалари эндиликда низо манбаи эмас, балки минтақавий ҳамкорликни кучайтирувчи омилга айланмоқда

Апрель 23, 2026. 08:10 • 2 дақ

113
Бишкекдан муносабат: Остонадаги учрашувлар шуни кўрсатадики, сув ва экология масалалари эндиликда низо манбаи эмас, балки минтақавий ҳамкорликни кучайтирувчи омилга айланмоқда

БИШКЕК, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Қирғизистон Жаҳон сиёсати институти директори Шерадил Бактигулов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Фикримча, мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга. Чунки минтақада иқлим ўзгариши кучайиб бораётган бир пайтда давлатлар фақат баёнотлар билан чекланмай, амалий ҳаракатларга ўтаётганини англатади. Жумладан, 2026–2036 йилларни “Сувдан фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ҳам шунинг ифодасидир.

Ўзбекистон Президентининг ушбу саммитда иштирокини учта асосий жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Орол фожиаси барча давлатлар учун умумий муаммо бўлиб, уни биргаликда ҳал қилиш зарур. Бу масала нафақат минтақа, балки қўшни ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг “яшил дипломатия”га ўтаётгани ва Остона мулоқот майдонига айланаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, иқлим масалалари иқтисодиёт билан бевосита боғланмоқда. Саммитда сув тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол энергетикаси), шунингдек, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш каби масалалар муҳокама қилинди. Қабул қилинаётган қарорлар Марказий Осиёда яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир қилади.

Шунингдек ўқинг

Учинчидан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини янгилаш масаласи кўтарилди. Илгари унинг иши кенг жамоатчиликка унчалик сезилмаган бўлса, эндиликда уни самарали механизмлар ва молиявий воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнда фаол ташаббус кўрсатмоқда.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини кучайтириш орқали Марказий Осиё давлатлари сув ва иқлим билан боғлиқ муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш имконига эга бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Остонадаги учрашувлар шуни кўрсатадики, сув ва экология масалалари эндиликда низо манбаи эмас, балки минтақавий ҳамкорликни кучайтирувчи омилга айланмоқда. Эришилган келишувлар келгусида Марказий Осиёнинг “яшил ривожланиш” асосини шакллантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш