Будапештдан муносабат: Ўзбекистон турли минтақавий форматларга миллий ва умумминтақавий манфаатларни илгари суришнинг бир-бирини тўлдирувчи воситалари сифатида қарайди
Октябрь 18, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 49
БУДАПЕШТ, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Венгрия халқаро муносабатлар институтининг етакчи илмий ходими Шандор Шеремет “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 7–9 октябрь кунлари Туркманистонга амалга оширган ташрифи якунларига муносабат билдирди.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи Марказий Осиёда давом этаётган минтақавий ҳамкорлик трансформацияси жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Давлат раҳбарининг Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчиларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲ саммитидаги иштироки кўп томонлама ҳамкорликнинг турли форматлари бир-бирини тўлдириб туришини кўрсатди.
Озарбайжоннинг тўлақонли иштироки ҳисобига Маслаҳатлашув формати кенгайгани алоҳида аҳамиятга эга. Минтақа давлатлари учун бу мамлакат Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқишни таъминловчи энг муҳим бўғин ҳисобланади.
Бу борада Марказий Осиёнинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорларидан бири бўлган, шунингдек, минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашдан манфаатдор Европа Иттифоқи алоҳида ўрин тутади. “Global Gateway” ташаббуси орқали Европа Иттифоқи Ўрта йўлак, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришни қўллаб-қувватламоқда.
Марказий Осиёнинг Озарбайжон билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш Европа инвестицияларини кенгайтириш ва Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Шу билан бирга, Озарбайжон билан ҳамкорлик аста-секин транзит доирасидан чиқиб бормоқда. Қўшма инвестиция фондлари, саноат кооперацияси ва “яшил” электр энергияси экспорти истиқболлари янада яқин иқтисодий ҳамкорлик учун замин яратмоқда. Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласини айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш лозим.
Ушбу ташаббус анъанавий ўзаро савдодан минтақавий қўшилган қиймат ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга ўтишни акс эттиради. 2027 йилда Хивада “Марказий Осиё – Озарбайжон” бизнес-форумини ўтказиш ва қўшма лойиҳаларни молиявий-техник қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш таклифи мазкур ёндашувни амалиётга татбиқ этишга қаратилган.
Тошкентнинг транспорт инфратузилмасини мувофиқлаштириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сув ресурслари ва ўта муҳим минераллардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлари ҳам бундан кам бўлмаган аҳамиятга эга.
Минтақанинг иқтисодий салоҳиятини фақат миллий саъй-ҳаракатлар билангина тўлиқ рўёбга чиқариш мумкин эмаслигини англаш минтақавий ҳамкорлик иштирокчиларини бирлаштириб туради. Ушбу ташаббусларнинг самарадорлиги давлатлар манфаатларини ўзаро уйғунлаштириш, инвестицияларни жалб этиш ва эришилган келишувларни изчил амалга оширишга боғлиқ бўлади.
Ташрифнинг иккинчи муҳим йўналиши МДҲ саммитида иштирок этиш бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг нутқи Ўзбекистон мавжуд иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканини намоён этди.
Савдо тўсиқларини бартараф этиш, қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш, транспорт қоидаларини бирхиллаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ҳамкорликнинг прагматик хусусиятга эга эканини таъкидлайди. Ўзбекистоннинг 2027 йилда МДҲга бўлажак раислиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ташриф якунлари Тошкентнинг кўп томонлама дипломатия ва кўп векторли ташқи сиёсат кун тартибига нисбатан изчил ёндашувини акс эттиради. Ўзбекистон турли минтақавий форматларга бир-бирини инкор этувчи бирлашмалар сифатида эмас, балки миллий ва умумминтақавий манфаатларни илгари суришнинг бир-бирини тўлдирувчи воситалари сифатида қарайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси