Бокудан муносабат: Ўзбекистон дипломатияси Осиёда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Октябрь 17, 2026. 12:15 • 3 дақ

• 88
Бокудан муносабат: Ўзбекистон дипломатияси Осиёда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

БОКУ, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Таниқли озарбайжонлик сиёсатшунос ва таҳлилчи Илгар Велизаде Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга амалий ташрифи ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧК саммитидаги нутқи расмий Тошкентнинг ўзи иштирок этаётган халқаро майдонлар фаолиятига изчил тарзда амалий мазмун бағишлашга интилаётганини яна бир бор намоён этди. Ўзбекистон дипломатияси ушбу тузилмаларнинг бунёдкорлик салоҳиятидан тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси Осиёда яхлит ишонч инфратузилмасини шакллантиришга урғу бериб, тегишли концепция ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ушбу тушунча замирида давлатлараро муносабатларга доир аниқ тамойиллар ётади: хатти-ҳаракатларнинг олдиндан кўра билиниши, мажбуриятларга содиқлик ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш можароларнинг олдини олиш учун мустаҳкам пойдевор яратиши лозим. Бундай ёндашувда транспорт ва энергетик боғлиқлик, савдо-сотиқ, рақамли ҳамкорлик ҳамда гуманитар алмашинувлар ишончни мустаҳкамлашнинг амалий воситаларига айланади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқдир. Уни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мутахассислар умумий тавсиялар ишлаб чиқадиган ва амалий чора-тадбирларни келишиб оладиган ОҲИЧК экспертлар майдонини яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек ўқинг

Бу ўринда Тошкент замонамизнинг энг нозик муаммоларидан бирига эътибор қаратмоқда: технологик тараққиёт давлатларнинг имкониятларини кенгайтириши, айни пайтда улар ўртасидаги тафовутни қисқартириши керак. Сувни тежайдиган технологиялар, “яшил” энергетика ва атроф-муҳит ҳолатини кузатишга урғу берган ҳолда иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик қилиш бўйича таклиф ҳам худди шундай аниқ ва мазмунли янгради.

Ўзбекистоннинг 2027 йилда Инсон салоҳиятини ривожлантириш форумини ўтказишга тайёрлиги ушбу кун тартибининг муҳим давоми бўлди. Таълим, ёшлар ва хотин-қизлар учун имкониятлар яратиш, рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлажак муҳокамаларнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди. Келгуси икки йилга мўлжалланган ОҲИЧК ҳаракатлар дастури эса гуманитар ҳамкорликка изчиллик бағишлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон дипломатиясининг ўзига хос услуби — кенг қамровли сиёсий мақсадларни биргаликдаги фаолиятнинг аниқ йўналишлари билан боғлай олиш маҳорати — айнан шунда намоён бўлади. Ўзбекистон етакчиси нутқининг аҳамияти, энг аввало, турли манфаатларга эга давлатлар учун ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қиладиган тушунарли кун тартибини таклиф этишидадир. Осиё учун бундай бунёдкор ва амалий ёндашув юксак эътирофга сазовордир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш