Анқарадан муносабат: Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда
Октябрь 17, 2026. 09:10 • 3 дақ
• 187
АНҚАРА, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркия Стратегик тадқиқотлар ва ривожланиш маркази бошқарув раиси Юнус Эмре Канат Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга амалий ташрифи ва ОҲИЧК саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Евроосиё геосиёсий рақобатнинг кескинлашуви, хавфсизлик тизимининг қайта шаклланиши ва савдо йўлларининг ўзгариши даврини бошдан кечирмоқда. Дунёнинг турли минтақаларидаги беқарорлик оқибатлари, Афғонистондаги вазият, энергетика ва озиқ-овқат занжирларининг заифлиги минтақавий ҳамкорликнинг мослашувчан механизмларига бўлган эҳтиёжни кучайтирмоқда.
Бундай шароитда ОҲИЧК муҳим мулоқот майдонига айланмоқда. Ташкилотнинг Бокуда бўлиб ўтган VII саммити минтақавий хавфсизлик нафақат сиёсий ва ҳарбий омилларга, балки иқтисодий ривожланиш, транспорт, озиқ-овқат, энергетика хавфсизлиги, рақамлаштириш ҳамда экологияга ҳам боғлиқлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёндашуви минтақавий муаммоларни қўшма лойиҳалар, ўзаро иқтисодий боғлиқлик ва мулоқот орқали ҳал этишга асосланган. Бунда барқарорлиги Марказий Осиё хавфсизлиги ва Жанубий Осиё билан алоқалар ривожини белгилаб берадиган Афғонистондаги вазият алоҳида аҳамият касб этади.
БМТ шафелигида юқори даражадаги халқаро музокаралар механизмини яратиш таклифи Ўзбекистоннинг афғон масаласини инклюзив тарзда ҳал этишга бўлган интилишини акс эттиради.
Хитой ва Марказий Осиёни Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европа билан боғлайдиган Ўрта йўлак минтақавий интеграциянинг муҳим йўналишига айланмоқда. Унинг ривожланиши Ўзбекистонга экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, Туркияга транспорт-логистика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради. Йўлак самарадорлигини ошириш учун инфратузилмани модернизация қилиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва юк ташиш жараёнларини рақамлаштириш зарур.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга. Шу билан бирга, икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги бошқа мамлакатларни ҳам қўшма лойиҳаларга жалб этишга хизмат қилиши лозим.
Туркий давлатлар ташкилоти ва ОҲИЧКнинг бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлиги қўшимча имкониятлар очмоқда. Уларнинг салоҳиятидан транспорт йўналишларини ривожлантириш, логистикани рақамлаштириш, чегараларни кесиб ўтишни соддалаштириш ва минтақавий ишончни мустаҳкамлаш йўлида фойдаланиш мумкин.
Озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик масалалари ҳам бундан кам бўлмаган аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалиги технологияларини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш, Оролбўйи минтақасининг экологик муаммоларини инобатга олган ҳолда, ўзаро келишилган ҳаракатларни талаб этади.
ОҲИЧК келажаги дипломатик мулоқотни амалий натижаларга айлантира олиш қобилиятига боғлиқ. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, минтақавий хавф-хатарлар тўғрисида маълумот алмашиш ҳамда таълим, фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш устувор вазифага айланиши керак.
Боку саммити Евроосиё барқарорлиги умумий манфаатларни амалий ташаббуслар атрофида бирлаштиришга боғлиқлигини ифодалади. Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, янада барқарор ва ўзаро боғлиқ минтақавий маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси