Германиядан муносабат: Ўзбекистон ОҲИЧКда ўзаро манфаатли шериклик ва барқарор ривожланиш ғоясини илгари сурди

Октябрь 17, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 95
Германиядан муносабат: Ўзбекистон ОҲИЧКда ўзаро манфаатли шериклик ва барқарор ривожланиш ғоясини илгари сурди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. “MÜSIAD Hessen e.V.” тадбиркорлар уюшмаси раиси ўринбосари, Франкфурт-Майн шаҳридаги Германия–Ўзбекистон савдо уйи раҳбари Иляс Гюжлю Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга амалий ташрифи ва ОҲИЧК саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи ҳамда ОҲИЧКнинг 7-саммитидаги иштироки икки томонлама муносабатлар, Марказий Осиёнинг иқтисодий ва геосиёсий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. 2026 йил август ойида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, 2030 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмини бир миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича келишувга эришилгани узоқ муддатли ҳамкорлик учун қўшимча замин яратди.

Иқтисодий нуқтаи назардан халқаро транспорт ва савдо алоқаларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлат сифатида денгиз портларига бевосита чиқа олмайди. Озарбайжон эса Каспий денгизи соҳилидаги қулай географик жойлашуви туфайли Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа ўртасида муҳим боғловчи бўғин вазифасини бажаради.

Шунингдек ўқинг

Ўрта йўлакнинг ривожланиши юк ташиш, саноат кооперацияси ва халқаро инвестицияларни жалб этиш учун кенг истиқболларни очади. Бу немис ишбилармонларида машинасозлик, саноат ускуналари, энергетика, хомашё ресурслари ва логистика каби соҳаларга катта қизиқиш уйғотади.

Шу билан бирга, 28 та иштирокчи давлатни бирлаштирган ОҲИЧК Осиё маконида сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорлик учун муҳим майдон вазифасини ўтайди. Халқаро кескинлик ва жаҳон савдо тузилмалари ўзгариб бораётган бир шароитда ўзаро ишонч, минтақавий барқарорлик ва ишончли иқтисодий шериклик алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш