Будапештдан муносабат: ТДТ тараққиётида Ўзбекистоннинг рақамлаштириш тажрибаси намуна сифатида кўрилмоқда

БУДАПЕШТ, 16 май. /“Дунё” АА/. Венгрия халқаро муносабатлар институти етакчи илмий ходими Шандор Шеремет “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Туркий давлатлар ташкилоти халқаро ташкилотнинг маданий ҳамкорлик платформасидан сезиларли минтақавий таъсирга эга бўлган ҳамда аъзо давлатларни ривожлантиришга қаратилган институционал инфратузилмаси мавжуд тузилмага айланганини кўрсатмоқда.
Украинадаги можаро бошланганидан кейин глобал таъминот занжирларидаги узилишлар энергия ресурслари, ноёб ер металлари ва бошқа товарлар етказиб беришни диверсификация қилиш заруратини яққол намоён қилди. Янги реаллик Евроосиёнинг йирик бозорларини боғлайдиган, барқарор ва хавфсиз ҳудудлардан ўтувчи муқобил логистика йўлакларини ривожлантириш аҳамиятини ҳам оширди. Шу нуқтаи назардан, Ўрта (Транскаспий) коридорининг ривожланиши жаҳон иқтисодиёти учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Агар Транскаспий коридори йўналишини ТДТга аъзо давлатлар географияси билан таққосласак, замонавий логистиканинг энг истиқболли лойиҳаларидан бири айнан Туркий давлатлар ташкилотининг ички макони орқали ўтаётгани яққол кўринади. Шу билан бирга, ушбу йўлак бўйича ташувларга бўлган ўсиб бораётган талаб ҳамда ТДТ давлатларининг товар ва ресурслари янги вазифалар мажмуасини юзага келтирмоқда.
Шу муносабат билан божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, ташкилот ичида махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш узоқ муддатли стратегик мақсад эмас, балки амалий заруратга айланмоқда. Янги чақириқлар ва реалликларга мослашиш қобилияти халқаро ташаббусларнинг барқарорлигини таъминловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ТДТдан ушбу масалалар бўйича комплекс ва тизимли ёндашувни ишлаб чиқишни талаб этмоқда.
Юқорида қайд этилган вазифалар иқтисодиёт, божхона тизимлари ва логистика жараёнларини уйғунлаштириш – замонавий рақамли технологияларсиз самарали ҳал этилиши мумкин эмас. Бу соҳада эса сунъий интеллект тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон ТДТнинг ишончли асосчиларидан бири сифатида минтақавий туркий ҳамкорлик масалаларида барқарор позицияни сақлаб, шу билан бирга иқтисодий интеграциянинг фаол ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Логистика инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар орқали Ўзбекистон босқичма-босқич Ўрта коридорнинг асосий бўғинларидан бирига айланмоқда ва ТДТ доирасида иқтисодий интеграциянинг чуқурлашишига ҳисса қўшмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев геосиёсий ва иқтисодий тенденциялардаги ўзгаришларни теран англайди. Бу эса Ўзбекистонга мослашувчан ва адаптив иқтисодий сиёсат олиб бориш имконини беради. Бунга мисол сифатида туризм соҳасида муваффақиятли амалга оширилган ислоҳотларни келтириш мумкин бўлиб, улар туризм секторини замонавий глобал тенденцияларга мослаштириш ва туристлар оқимининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилган.
Муваффақиятли ислоҳотлар рақамлаштиришни жадал ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг Туркистондаги ТДТ саммитидаги иштироки мантиқан асосли ва ўринли ҳисобланади. Ўзбекистоннинг рақамлаштириш соҳасидаги тажрибаси ТДТ доирасида сунъий интеллект ва иқтисодий ҳамкорликни рақамлаштириш ташаббуслари учун кенгроқ форматда самарали қўлланилиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Бокудан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТдаги ташаббуслари ташкилот доирасидаги ҳамкорликни амалий ва аниқ натижаларга йўналтирмоқда

Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаб беради


