Душанбедан муносабат: Марказий Осиё ўзини хавфсизлик ва ишонч макони сифатида дадил намоён этмоқда
Октябрь 10, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 46
ДУШАНБЕ, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 7–9 октябрь кунлари Туркманистонга амалий ташрифи хусусида фикр билдирди:
– 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ушбу форматнинг истиқболлари борасидаги баҳс-мунозараларга узил-кесил нуқта қўйди.
Кўз ўнгимизда ҳақиқатан ҳам янги ва истиқболли макроминтақа намоён бўлмоқда. Унда “бешлик”нинг суверен манфаатлари ўртасидаги мувозанат тўлиқ сақланиб қолган бўлиб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги стратегик кўприк сифатида Озарбайжон ҳам ушбу тузилмага уйғун тарзда қўшилди.
Бу шунчаки географик ҳудуднинг кенгайиши эмас, балки Марказий Осиёни Транскаспий кўприги ва анъанавий Евроосиё йўналишларидаги мавжуд тўсиқларни четлаб ўтувчи логистика коридорлари билан узвий боғлашдир.
Мулоқот мазмуни ва стратегик йўналишини ҳамон Тошкент белгилаб бермоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақа барқарор ривожланиш босқичига етгани ҳамда оддий савдо-сотиқдан саноат кооперациясига – барча иштирокчилар учун умумий мақсад ва маёққа айланиши лозим бўлган “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласига ўтаётганини яна бир бор яққол кўрсатиб берди.
Ўзбекистоннинг ўз позицияси – ортиқча бюрократлаштириш ва қўшимча тузилмалар яратишга йўл қўймаслик тамойилига содиқ қолаётгани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу формат ортиқча ва мураккаб миллий институтларсиз, мослашувчан ҳамда тушунарли бўлиб қолиши даркор.
Минтақанинг хавфсизлик ва ишонч макони сифатида гавдаланиши мазкур йўналишнинг мантиқий давомига айланди. Ўзбекистон раҳбарининг 2027 йилда Тошкентда “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлидаги минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ҳам шундан далолат беради.
Маслаҳат учрашуви якунларининг барча иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланиши Евроосиё макони янги конфигурациясининг истиқболдаги ривожланиш векторини ифодалайди. Марказий Осиё ва унинг ҳамкорлари ўзларини хавфсизлик ва ишонч макони, “Шимол – Жануб” ва “Шарқ – Ғарб” йўналишларида Евроосиёнинг ишончли чорраҳаси сифатида дадил намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси