Душанбедан муносабат: Ўзбекистон ШҲТда Евроосиёнинг муҳим транспорт-логистика марказига айланиш сари одимламоқда

Сентябрь 03, 2026. 14:00 • 3 дақ

68
Душанбедан муносабат: Ўзбекистон ШҲТда Евроосиёнинг муҳим транспорт-логистика марказига айланиш сари одимламоқда

ДУШАНБЕ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (славян) университети профессори Раҳмон Ўлмасов “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 31 август – 1 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– ШҲТ архитектурасида Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Тошкент учун ШҲТ ташқи савдони диверсификация қилиш, транспорт бўйича янги йўналишлар очиш, Евроосиёда жамоавий хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган “Янги Ўзбекистон” концепциясини амалга оширишнинг муҳим воситаларидан ҳисобланади.

Ташкилотнинг 25 йиллик юбилейига бағишланган ШҲТнинг Бишкек саммити юксак савияда ташкил этилди. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи ўзбек дипломатиясининг ШҲТ доирасида иқтисодий ва институционал ташаббускор сифатида намоён бўлганини кўрсатди.

Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Бу эса янги бозорларга чиқишни тақозо қилади. ШҲТ мамлакатлари билан савдо алоқалари ташқи иқтисодий балансни таъминлайди.

Саммит доирасида Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Раиси Си Цзиньпин билан муҳим музокаралар ўтказганини алоҳида таъкидлаш лозим. Томонлар яқин истиқболда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишдек улкан мақсадни белгилаб олди.

Шунингдек ўқинг

БМТ Бош котиби билан учрашувда ҳам кўп томонлама шерикликни кенгайтириш ҳамда глобал иқлим ва гуманитар муаммоларни ҳал этишда ШҲТ ва БМТ саъй-ҳаракатлари синергияси муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ШҲТдаги асосий истиқболи – мультимодаль транспорт йўлакларини яратиш орқали географик жиҳатдан ёпиқликдан чиқишдир. Бу борада “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлини қуриш лойиҳаси марказий ўрин тутади. Ушбу йўлак Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига борадиган йўлни 900 километрга қисқартириб, қатнов вақтини 7–8 кунгача тежаш имконини беради.

Ўзбекистоннинг қўшма инвестиция платформалари ва эркин савдо ҳудудларини яратиш бўйича ташаббуслари ШҲТ умумий бозорини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Стратегик мақсад – Ўзбекистонни Евроосиёнинг асосий транспорт-логистика хабига айлантиришдир.

Шу билан бирга, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” магистралининг ишга туширилиши, “Шимол–Жануб” йўлаги ҳамда Ҳинд океани портларига олиб борувчи трансафғон йўналиши билан туташтирилиши Тошкентни Евроосиё юклари транзити учун муҳим марказга айлантиради.

Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ модели очиқлик ва суверенитетни ҳурмат қилиш ҳисобига ўз жозибадорлигини оширмоқда. Ўзбекистон эса етакчи ҳудудлар – Пекин, Деҳли, Москва ва Теҳрон ўртасидаги ишончли кўприк мақомини шакллантирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш