Ўзбекистон ва ШҲТ: ташкилотнинг тузилганидан ҳамкорликнинг янги уфқлари сари

Август 31, 2026. 09:10 • 6 дақ

21
Ўзбекистон ва ШҲТ: ташкилотнинг тузилганидан ҳамкорликнинг янги уфқлари сари

ТОШКЕНТ, 31 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон учун ШҲТ тадбирларида иштирок этиш мамлакатимизнинг Ташкилот фаолиятидаги фаол ўрни ва унинг асосчи-давлатларидан бири мақомини ҳисобга олган ҳолда алоҳида аҳамиятга эга.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти салмоқли ривожланиш йўлини босиб ўтди ҳамда бугунги кунда Евроосиёда сиёсий мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик учун энг йирик халқаро майдонлардан бирига айланди. Ташкилот таркибининг кенгайиши, унинг механизмлари ривожланиши ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари пайдо бўлиши ШҲТнинг минтақавий ва халқаро тараққиётнинг долзарб масалаларини ҳал этишдаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беради.

ШҲТ 2001 йил 15 июнь куни Шанхай шаҳрида ташкил этилган. Ташкилотни тузиш тўғрисидаги Декларацияни Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари имзолаган. Кейинчалик ШҲТ таркиби сезиларли даражада кенгайди. Ҳиндистон ва Покистон Ташкилотга 2017 йилда, Эрон 2023 йилда, Беларусь эса 2024 йилда аъзо бўлиб қўшилди.

ШҲТнинг асосий мақсадлари аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. Терроризм, сепаратизм, экстремизм, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланиши ҳамда трансмиллий жиноятчиликнинг бошқа шаклларига биргаликда қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ШҲТнинг муҳим хусусияти унинг фаолиятига асос қилиб олинган ўзаро ҳурмат, келишилган қарорларни излаш ва консенсус тамойилларидир. Ташкилот бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаган, фаолияти халқаро ҳуқуқ ва ўзаро тушуниш асосида қурилган. ШҲТнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, узоқ муддатли яхши қўшничилик ва ўзаро боғлиқликни ривожлантириш масалаларини қамраб олувчи 1600 дан ортиқ ҳужжат ташкил этади.

Ташкилотнинг доимий фаолиятини Пекиндаги ШҲТ Котибияти таъминлайди, Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) эса аъзо давлатлар ваколатли органларининг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. 2025 йилда МАТТни Хавфсизлик таҳдидлари ва хавф-хатарларига қарши курашиш бўйича Универсал марказга айлантириш ҳамда Душанбеда ШҲТнинг Наркотикка қарши курашиш марказини ташкил этиш тўғрисида битимлар имзоланди.

ШҲТ ривожланишининг замонавий босқичидаги муҳим тамойиллардан бири-бу ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтиришдир. Бу кўп томонлама мулоқотнинг кенгроқ тизимини шакллантириш ва ШҲТнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш имконини беради.

Параллель равишда ШҲТнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Ташкилот Котибияти томонидан БМТ, АСЕАН, МДҲ, КҲШТ, ИҲТ, ОШИЧК, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, ЕОИҲ, ЮНЕСКО ва бошқа қатор халқаро тузилмалар билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланган. Бундай ҳамкорлик тажриба алмашиш ва кенг кўламли масалалар бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Ўзбекистон ШҲТ фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимиз 2003-2004, 2009-2010, 2015-2016 ва 2021-2022 йилларда унга раислик қилди.

Ташкилот тарихида 2016 йилги Тошкент саммити алоҳида ўрин тутади. Унда эришилган келишувлар 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистонга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш учун шароит яратди.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббускорлик йўлига ўтди. 2017-2025 йиллар мобайнида Ўзбекистон Президенти томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновацион ва бошқа соҳаларда 118 та ташаббус илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ривожида 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтган саммит алоҳида аҳамият касб этди. Тадбирда давлат раҳбарлари, иштирокчи мамлакатлар, кузатувчилар ва меҳмонлар вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Самарқанд саммити якунлари бўйича рекорд даражадаги 44 та ҳужжат қабул қилинди. Улар ШҲТ доирасидаги ҳамкорликка янги амалий мазмун бағишлаш ва кўп томонлама шерикликни янада ривожлантиришга қаратилди.

Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши муҳим натижа бўлиб, бу мамлакатнинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига йўл очди. Бир вақтнинг ўзида Миср, Қатар ва Саудия Арабистонининг ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари сифатидаги мақоми ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди. Шунингдек, Беларусни ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилиш процедурасини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди ва қатор давлатларнинг мулоқот бўйича шерик мақомини олиш ҳақидаги аризалари қўллаб-қувватланди.

Саммит ШҲТнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам хизмат қилди. Мулоқотлар доирасида Араб давлатлари лигаси, ЮНЕСКО ва БМТ ЭСКАТОси билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Ўзбекистон ташаббускорлик фаолиятининг муҳим йўналиши иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдир. 2024 йил 16 октябрь куни Исломободда ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ташаббуси билан Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида янги иқтисодий мулоқотни ривожлантириш бўйича Ҳамкорлик концепцияси қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ШҲТдаги ўрни кўп томонлама мулоқотда иштирок этиш доирасидан четга чиқади. Республика ҳамкорликнинг янги йўналишларининг фаол ташаббускорларидан бири сифатида уларнинг амалий бажарилиши ва янада ривожланишини таъминлашга интилмоқда.

Замонавий кун тартибида иқтисодий ҳамкорлик, транспорт боғлиқлиги ва самарали транспорт коридорларини ривожлантириш масалалари алоҳида ўрин тутади. 2022 йилда Ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт коридорларини яратиш бўйича Концепция қабул қилинди, бу ташкилот давлатлари ўртасидаги логистика ҳамкорлигининг ортиб бораётган аҳамиятини акс эттиради.

Кейинги муҳим босқич ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей саммити бўлиб, у 2026 йил 31 август - 1 сентябрь кунлари Бишкекда “ШҲТнинг 25 йиллиги: биргаликда барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида бўлиб ўтади. Саммитнинг юбилей формати Ташкилот фаолиятининг келгуси устувор йўналишларини муҳокама қилиш, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма саъй-ҳаракатларнинг янги йўналишларини белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.

25 йил давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олтита давлат бирлашмасидан тортиб, иштирокчилари таркиби кенгайган ва тармоқланган ҳамкорлик тизимига эга йирик халқаро ташкилотгача бўлган салмоқли ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бугунги кунда ШҲТ катта демографик ва иқтисодий салоҳиятга эга давлатларни бирлаштиради ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга.

Ҳозирги босқичда Ўзбекистон амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратишни давом эттирмоқда. Иқтисодий мулоқот, транспорт боғлиқлиги, инновацион ҳамкорликни илгари суриш ва хавфсизлик механизмларини мустаҳкамлаш ШҲТни янада ривожлантириш вазифаларига ҳамда республиканинг миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.

Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТнинг юбилей саммити ташкилот фаолиятининг келгуси устувор йўналишларини белгилаш ва қўшма ишларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айланади. Ўзбекистон учун саммитда иштирок этиш конструктив кун тартибини илгари суриш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ва минтақалараро ҳамкорлик салоҳиятини очишга хизмат қилувчи ташаббусларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш