Душанбедан муносабат: Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи — тектоник силжиш ифодасидир

Сентябрь 01, 2026. 11:30 • 2 дақ

63
Душанбедан муносабат: Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи — тектоник силжиш ифодасидир

ДУШАНБЕ, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 29–30 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини “Дунё” АА учун шарҳлади:

— Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокаралари анъанавий протокол доирасидан анча четга чиқади. Бугунги кунда Марказий Осиё транзит ва технологик шериклик соҳасида ўз кун тартибини шакллантираётган мустақил минтақавий субъект сифатида намоён бўлмоқда.

Ташрифнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бўлиб ўтгани алоҳида рамзий маънога эга. Бош вазирнинг Бишкекдаги ШҲТ саммити олдидан айнан Тошкентни ягона ва асосий давлат ташрифи манзили сифатида танлагани Ўзбекистоннинг ортиб бораётган минтақавий мавқеини яққол кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

2021 йилда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлиги концепцияси минтақалараро савдони ривожлантиришнинг прагматик режаси ҳисобланади. Ўзбекистон Хитойни Каспий, Қора денгиз минтақаси ва Европа билан боғлайдиган “Шарқ – Ғарб” йўналишларини, шунингдек, шимолий йўналишни изчил ривожлантирмоқда. Ушбу контекстда Ҳиндистон билан алоқаларни кенгайтириш жанубий йўналиш учун қўшимча имкониятлар очади.

Ҳиндистон билан стратегик шериклик Ўзбекистоннинг минтақадаги транзит, ишлаб чиқариш ва молиявий марказ сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, икки мамлакатнинг “Ўзбекистон – 2030” ва “Viksit Bharat 2047” стратегиялари саноатлаштириш, рақамлаштириш ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон-Ҳиндистон олий даражадаги саммити якунлари Марказий Осиёнинг мустақил манфаатлар қутби сифатида мустаҳкамланишига ҳамда Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқалари янада диверсификация қилинишига хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш