Душанбедан муносабат: Сербия Ўзбекистон учун Европага олиб чиқувчи стратегик дарвоза саналади
Сентябрь 10, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 69
ДУШАНБЕ, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 7–8 сентябрь кунлари Сербияга расмий ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга амалга оширган расмий ташрифи Евроосиёнинг замонавий геосиёсий архитектурасида янги саҳифа очмоқда.
Экспертлар одатда бундай алоқаларни икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ёки имзоланган ҳукуматлараро келишувлар орқали баҳолайди. Бироқ биз Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки Евроосиё миқёсида ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаётган суверен давлат сифатида кўрамиз.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир давлат ўз келажагини мустақил шакллантиришга интилиши муҳим. Ўзбекистон ҳам айнан шу мантиқ асосида ҳаракат қилмоқда ва Марказий Осиёдан Жанубий Европагача бўлган ҳудудда кўп даражали ҳамкорлик тармоғини барпо этмоқда.
Ўзбекистоннинг Сербия билан яқин шериклик муносабатлари бир қарашда географик узоқлик ва турли сиёсий-ижтимоий шароитлар туфайли мураккабдек кўриниши мумкин. Аммо геоиқтисодий таҳлил бутунлай бошқача манзарани кўрсатади.
Сербия учун Марказий Осиё бозорига чиқиш жадал ривожланаётган Евроосиё марказида ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради. Ўзбекистон учун эса Сербия Ғарбга олиб чиқувчи стратегик дарвоза, Ғарбий Болқон ва Жануби-Шарқий Европадаги муҳим таянч нуқта ҳисобланади.
Сербия тарихан ва геосиёсий жиҳатдан мустақил, кўп векторли сиёсат юритиб, турли ҳамкорлар билан мувозанатни сақлаб келмоқда. Бу позиция Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фалсафасига жуда ҳамоҳангдир. Зеро, Хитой каби йирик давлатларнинг Болқон йўналишига катта эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас.
Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати Евроосиёдаги логистика ва ишлаб чиқариш йўналишларини қайта шакллантиришга қаратилган пухта ўйланган ва узоқ муддатли стратегия сифатида намоён бўлмоқда. Бу жуда муҳим жиҳат.
Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш орқали Ўзбекистон савдо йўлларининг узлуксизлигини таъминлашга интилиб келмоқда. Шарқ–Ғарб йўналишида Хитойни Марказий Осиё орқали Каспий денгизи, Қора денгиз портлари ва ундан кейин Европа бозорлари билан боғлайдиган транспорт йўналишлари аллақачон шаклланган.
Ўзбекистон–Сербия ҳамкорлиги эса ушбу мантиққа табиий равишда мос келади. Мамлакат Европанинг ички ҳудудларига олиб кирувчи муҳим қуруқлик ва иқтисодий кўприк вазифасини бажариши мумкин.
Сербия орқали ўзбек бизнеси ва саноат корхоналари Европа бозорига янада қулай кириш имкониятига эга бўлади. Бу эса мавжуд геосиёсий ва логистик тўсиқларни камайтириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш учун қўшимча имконият яратади.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг етакчи давлатлар билан транспорт-логистика соҳасидаги саъй-ҳаракатлари Сербия билан ҳамкорлик орқали янада кенгайиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга ташрифи Янги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ташқи сиёсий ва иқтисодий стратегиясида муҳим қадам бўлиб, мамлакатнинг Европа билан савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси