Душанбедан муносабат: АҚШ Марказий Осиёни савдо ва инвестициялар учун истиқболли ҳудуд сифатида кўрмоқда
Октябрь 21, 2026. 08:55 • 3 дақ
• 78
ДУШАНБЕ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга амалий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
– Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва нуфузли Америка бизнес делегацияси иштирокида “C5+1” форматида бўлиб ўтган вазирлар учрашуви чинакам тарихий воқеа бўлди.
2015 йилда ушбу формат мазкур қадимий шаҳарда Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши шароитида амалга оширилган эди. Ўшанда Вашингтон минтақага хавф-хатарлар ва ҳарбий таҳдидлар нуқтаи назаридан қараган.
Ўн бир йил ўтиб, биз тубдан бошқача манзарани кузатмоқдамиз. Гап шунчаки мулоқотнинг қайта тикланиши ҳақида эмас, балки АҚШнинг Марказий Осиёга мутлақо янги мақомда қайтиши ҳақида бормоқда.
АҚШнинг икки юздан ортиқ йирик корпорациялари раҳбарларининг Самарқандга ташрифи Вашингтон эндиликда минтақани хавфсиз ва юқори истиқболли савдо чорраҳаси сифатида кўраётганини англатади.
Бу ўзгаришлар Марказий Осиёдаги ички ўзгаришлар туфайли амалга ошди. 2017 йилдан буён Ўзбекистон минтақавий консолидациянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди.
Қўшнилар билан кўп йиллик сув, чегара ва транспорт соҳаларидаги келишмовчиликларнинг ҳал этилиши, давлат раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларининг йўлга қўйилиши Марказий Осиёни географик тушунчадан сиёсий жиҳатдан янада жипслашган минтақага айлантирди.
Бугунги кунда учрашувнинг аҳамияти Марказий Осиёнинг глобал геоиқтисодиётнинг мустақил маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамлашдан иборат. Геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим кўприкка айланмоқда. АҚШ янги логистика занжирларини шакллантиришда иштирок этиш ва муҳим минераллар, технологиялар ҳамда энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга интилмоқда.
Ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни бор. Бундай юқори даражадаги музокаралар учун Самарқанднинг танланиши мамлакатнинг минтақадаги дипломатик ва логистика маркази сифатидаги аҳамиятини ифодалайди. Ўзбекистон ўзининг салмоқли демографик салоҳияти ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва Афғонистон билан умумий чегаралари туфайли йирик халқаро инвестиция ва ишлаб чиқариш марказларини жойлаштириш учун қулай шароитларга эга.
Самарқандда бўлиб ўтган “C5+1” учрашуви АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларида муҳим босқич бўлиши мумкин. Вашингтон Марказий Осиёни ўз мустақиллигини мустаҳкамлаётган минтақа, Ўзбекистонни эса Евроосиё ҳамкорлиги ва иқтисодий интеграциясини ривожлантиришда муҳим бўғин сифатида кўрмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси