Logo

Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистон ташқи сиёсати миллий иқтисодий устуворликлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган тараққиёт дипломатияси сари қадам ташламоқда

Январ 18, 2026. 13:27 • 2 дақ

89
Ҳиндистондан муносабат: Ўзбекистон ташқи сиёсати миллий иқтисодий устуворликлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган тараққиёт дипломатияси сари қадам ташламоқда

ДЕҲЛИ, 18 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «NatStrat» таҳлилий маркази катта илмий ходими, доктор Раж Кумар Шарма «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши якунлари ҳақидаги фикрларини тақдим этди:

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг «янги авлод дипломатлари» масаласига алоҳида урғу бергани анъанавий, протоколларга асосланган дипломатиядан қониқмаслик ҳамда давлат бошқарувини амалий натижаларга йўналтиришга бўлган интилишдан далолат беради. Дипломатлар энди шунчаки сиёсий воситачи эмас, балки давлатнинг иқтисодий агентлари сифатида кўрилмоқда. Бу вакиллик дипломатиясидан тараққиёт дипломатиясига ўтишни англатади, бунда ташқи сиёсат миллий иқтисодий устуворликлар билан чамбарчас боғланади.

Африка Ўзбекистон иқтисодий дипломатиясининг янги чегараси сифатида белгиланди, бу эса мамлакатнинг минтақавий иқтисодий доиралардан чиқишга бўлган интилишини ифода этади.

Логистика харажатларининг ошиши Ўзбекистоннинг таркибий заиф нуқтаси сифатида тўғри ташхис қўйилган. Мамлакат Президенти транзит йўналишларини диверсификация қилиш, таъминот занжирларини оптималлаштириш ва Европа бозорларига чиқишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади. Бу Ўзбекистоннинг глобал мақсади — денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатдан транспорт йўлаклари орқали бутун дунё билан боғланган иқтисодиётга айланиш стратегиясига тўла мос келади.

Яна бир муҳим жиҳат - дунёдаги кучли 100 таликка кирувчи университетлар билан шерикликка йўналтирилган таълим ва интеллектуал дипломатиясидир.

Элчихоналар академик интеграцияни таъминловчи ва бўлажак профессионал мутахассислар заҳирасини шакллантирувчи куч сифатида намоён бўлиши керак. Бу «юмшоқ куч», кўникмалар ва инновацион экотизимлар узоқ муддатли рақобатбардошлик учун нақадар муҳим эканлигини англатади.

Шунингдек, Президент хорижий ОАВ билан тизимли ҳамкорлик қилиш ва махсус халқаро медиа-лойиҳалар яратиш зарурлигига тўхталди. Бу дипломатияда нарратив (ахборот етказиш) кучи ва репутацияни бошқариш, айниқса, жаҳонда танилиб бораётган ислоҳотчи давлат учун ажралмас қисм эканини тушунишдан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарашлари Ўзбекистон ташқи сиёсий тафаккуридаги юксалишни ифодаламоқда. Яъни мамлакатнинг халқаро майдонда таниқли бўлиш ва жараёнларда иштирок этиш даражасидан юқорилаб, таъсир ўтказадиган кучга айланиш ва миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш мавқеига эришиш мақсад қилинмоқда. Агар ушбу ёндашув самарали амалга оширилса, Ўзбекистон Евроосиёда ва унинг ташқарисида ишончли ҳамда иқтисодий жиҳатдан интеграциялашган давлатга айланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш