Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон авиапарвозлар сонини оширмоқда ва уларнинг географиясини кенгайтирмоқда

Январ 12, 2026. 08:15 • 2 дақ

202
Ўзбекистон ва Ҳиндистон авиапарвозлар сонини оширмоқда ва уларнинг географиясини кенгайтирмоқда

ДЕҲЛИ, 12 январь. /“Дунё” АА/.  Ўзбекистоннинг йирик хусусий авиакомпанияси ҳисобланган «Centrum Air» 2026 йилги ёзги мавсумдан бошлаб Ҳиндистон йўналишидаги парвозлар географиясини кенгайтиришини маълум қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Жорий йил 30 мартдан бошлаб мазкур авиакомпания Тошкент – Ҳайдаробод йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни йўлга қўяди. Парвозлар Airbus A320 ҳаво кемаларида ҳафтасига икки марта амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, авиакомпания 29 мартдан бошлаб Тошкент – Деҳли йўналишидаги ҳафталик парвозлар сонини учтага етказишни назарда тутмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги авиақатновлар сони сезиларли даражада ошди.

Бугунги кунда мамлакатимиз пойтахтини Деҳли ва Мумбай шаҳарлари ҳамда Гоа штати билан ўзаро боғловчи парвозлар сони ҳафтасига 17 тани ташкил этмоқда. Икки давлат ўртасидаги ҳаво кўпригини «Uzbekistan Airways», «Centrum Air» ва Ҳиндистоннинг «IndiGo» авиакомпаниялари таъминлаб келмоқда.

Парвозлар сонининг ортиши ва янги йўналишларнинг очилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, илмий-академик ва таълим соҳасидаги алмашинувлар, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Икки давлат ўртасида сайёҳлар оқими ҳам барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йилда 80 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрган. 2026 йилда янги авиақатновларнинг йўлга қўйилиши натижасида ушбу кўрсаткич янада юқорилаши ва туристик алмашинув янги босқичга чиқиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш