“SuperIllu” журнали: Ўзбекистон европаликлар учун энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бирига айланмоқда
Январ 18, 2026. 11:53 • 2 дақ
• 58
БЕРЛИН, 18 январь. /“Дунё” АА./ Германиянинг оммабоп “SuperIllu” журналининг онлайн саҳифасида нашрнинг сиёсий бўлим раҳбари Геральд Прашлнинг Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистонга ташриф буюрган муаллиф мамлакатдаги улкан ислоҳотлар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, мамлакатнинг Марказий Осиёдаги барқарорлик ва юксалиш маркази сифатидаги мақомини алоҳида эътироф этган.
Мақолада асосий эътибор Ипак йўлининг юраги ва илм-фан бешиги бўлмиш Самарқандга қаратилган. Муаллиф европалик ўқувчиларга Ғарбда кўплаб кашфиётлар очилмаган бир даврда, Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек томонидан қурдирилган мадрасаларда ўз давридан илгарилаб кетган илм-фан гуллаб-яшнаганини эслатиб ўтади. “Илмга интилиш - ҳар бир инсон учун фарздир”, - дея иқтибос келтиради немис журналисти буюк мунажжим Мирзо Улуғбекнинг ушбу ўгити бугунги кунда ҳам Янги Ўзбекистоннинг ғоявий мезонига айланганини қайд этар экан.
Немис журналисти Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган, мамлакатни ҳар томонлама модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берган. Шу ўринда у мақолада сўнгги йиллардаги қуйидаги муҳим ютуқларни санаб ўтган. Хусусан, Тошкентда халқаро даражадаги кадрларни тайёрлаш локомотиви сифатида “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилгани, табиий ресурслар мавжуд бўлишига қарамай, Ўзбекистон “яшил” энергетикага тизимли ўтаётгани, 2050 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларига тўлиқ ўтиш режалаштирилгани, янги заводлар барпо этилиши ва инфратузилманинг сифат жиҳатдан янгиланиши кабилар қайд этилади манбада.
Геральд Прашл Ўзбекистоннинг муваффақиятли ташқи сиёсатига алоҳида тўхталган. 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи билан имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) расмий Тошкентнинг жаҳон саҳнасидаги роли ортиб бораётганини тасдиқловчи тарихий қадам сифатида баҳоланган.
Муаллиф Ўзбекистон бугунги кунда Европа, АҚШ ва Хитой каби йирик давлатлар билан конструктив мулоқот йўлини танлаганини таъкидлайди.
Туризм соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонни европаликлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айлантиргани ҳақида сўз юритар экан, журналист қуйидагиларга яна бир бор урғу беради. Жумладан, ЕИ фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий қилиниши сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилгани, махсус ташкил этилган туризм полицияси фаолияти ва мамлакатдаги умумий хавфсиз муҳит, “Афросиёб” тезюрар поездларининг сайёҳларга Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарларни юқори қулайликда зиёрат қилиш имконини бериши алоҳида қайд этилган.
Мақола якунида муаллиф ўқувчиларни эътиборини қизиқ бир тарихий фактга қаратади. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Германия DEFA киностудияси билан ўтган асрларда яқиндан ҳамкорлик қилганлиги ва 1973 йилда Шаҳрисабз тоғлари этакларида машҳур “Апачилар” фильмининг суратга олиниши икки халқ ўртасидаги чуқур маданий алоқалар рамзига айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси