Киевдан муносабат: Туркистон саммитида Ўзбекистон билдирган ташаббуслар ТДТ интеграциясини янада юксалтиради

Май 18, 2026. 15:55 • 2 дақ

4
Киевдан муносабат: Туркистон саммитида Ўзбекистон билдирган ташаббуслар ТДТ интеграциясини янада юксалтиради

КИЕВ, 18 май. /“Дунё” АА/. Украина “Фуқаролик жамиятини ўрганиш” маркази эксперти Александр Буряченко “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан муносабат билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида билдирган таклифлари мамлакатнинг юқори технологиялар соҳасини ривожлантиришда етакчи ўринни эгаллашга бўлган имконияти ва интилишини намоён этмоқда.

Туркистон шаҳрида “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусига бағишланган ТДТнинг норасмий саммити иштирокчи давлатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик ҳаракатларини мувофиқлаштириш, минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликка оид долзарб масалаларни муҳокама қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифлари алоҳида эътиборга молик. У ТДТ аъзолари ўртасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратишни таклиф қилди. Тошкент сўнгги йилларда ушбу йўналишда эришган ютуқларини инобатга олганда, мазкур ташаббуснинг локомотивига айланиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда дата-марказлар қурилишига 6 миллиард доллар сармоя жалб қилган. Мамлакатда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида ҳозирга қадар 1 миллиондан ортиқ ёшлар сунъий интеллект бўйича базавий кўникмаларга эга бўлган.

Бундан ташқари, Мирзиёев “Рақамли туркий коридор” концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ушбу лойиҳа минтақавий дата-марказларни юқори тезликдаги алоқа тармоқлари орқали боғлашни назарда тутади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида туркий давлатлар иштирокида Технологик форум ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Туркий давлатларнинг юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорлиги замонавий дунёда ушбу йўналишга бўлган катта талабни инобатга олганда, жуда истиқболли ҳисобланади. Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари эса уни технологик ҳамкорликнинг етакчисига айланиш имконини беради ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасида интеграцияни янада кучайтириши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёевнинг билдирган фикрлари мамлакатда ушбу ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ стратегия мавжуд эканини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш