Ўзбекистонда болаларга қарши ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилди

Май 18, 2026. 15:25 • 5 дақ

51
Ўзбекистонда болаларга қарши ҳуқуқбузарликларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилди

ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда инсон қадр-қимматини улуғлаш, айниқса болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил таъминланмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ҳуқуқий департамент раҳбари Фарид Назаровнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда болаларни ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида, 2026 йил 17 апрелда қабул қилинган “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун болаларни ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Мазкур қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларда болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган тизимли ёндашув акс этган.

Жумладан, аввалги амалиётда етарлича қамраб олинмаган айрим ҳуқуқбузарликларга аниқ ҳуқуқий баҳо берилди. Интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали болаларга қарши содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Бу ўзгаришлар айниқса муҳим, чунки улар замонавий таҳдидларга, хусусан болаларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш заруратига жавоб беради.

Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири – Жиноят кодексига янги 129¹-модданинг киритилишидир. Ушбу нормага кўра, вояга етмаган шахс тасвирланган ёки тавсифланган порнографик материални тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун, агар шахс бу материалда вояга етмаган бола иштирок этганини билган бўлса, махсус жавобгарлик белгиланади. Бу жавобгарлик шу каби қилмиш учун аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилади.

Мазкур жиноят учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 600 бараваригача жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Бу чоралар болаларга қарши жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ва бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳам янги нормалар билан тўлдирилди. Хусусан, вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик материални тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бундай ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача жарима белгиланган.

Бу эса жиноят содир этилишидан олдин профилактик таъсир кўрсатишга қаратилган муҳим ҳуқуқий восита ҳисобланади.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати болаларнинг жиноят ишларини юритишдаги иштирокини тартибга солувчи нормаларнинг жорий этилганидир. Жумладан:

– вояга етмаган гувоҳ иштирок этганда қонуний вакилнинг қатнашиши мажбурий қилиб белгиланди;

– сўроқ қилиш давомийлиги боланинг ёшига қараб аниқ чеклаб қўйилди.

Бу қоидалар болаларга нисбатан процессуал босимни камайтириш, уларнинг психологик ҳолатини муҳофаза қилиш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун мазмунидан кўриниб турибдики, у фақат жавобгарликни кучайтириш билан чекланмайди. Аксинча, профилактика, ҳимоя ва реабилитация чораларини қамраб олган комплекс ёндашувни шакллантиради.

Бу эса қонун БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилганини кўрсатади.

Шу билан бирга, болаларни рақамли муҳитда ҳимоя қилиш, процессуал кафолатларни кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларни эрта босқичда олдини олиш давлат сиёсатининг стратегик устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг энг самарали усули жиноий жавобгарлик, профилактика ва реабилитация чораларини уйғунлаштирган комплекс тизимдир.

Масалан, Скандинавия мамлакатларида жорий этилган “Barnahus” модели доирасида болалар иштирокидаги жиноят ишлари ягона марказлаштирилган муҳитда кўриб чиқилади. Ушбу ёндашувга кўра, бола фақат бир марта сўроқ қилинади ва жараёнда психологлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биргаликда иштирок этади. Бу эса боланинг қайта руҳий жароҳат олиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Европа мамлакатларида, хусусан Германия ва Францияда интернет орқали болаларга қарши содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилган бўлиб, болалар иштирокидаги порнографик материалларга нисбатан мутлақ тоқатсизлик сиёсати қўлланилади.

АҚШда “Child Advocacy Center” (Болаларни ҳимоя қилиш маркази) модели асосида кўп тармоқли ёндашув амал қилади. Бунда сўроқ махсус мослаштирилган муҳитда ўтказилади, видеога ёзиб олинади ва такрорий сўроқлар минималлаштирилади.

Бу илғор тажрибалар шуни кўрсатадики, болаларни ҳимоя қилишда нафақат жазо чораларини кучайтириш, балки болалар ҳуқуқларини процессуал ва институционал даражада таъминлаш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, қабул қилинган қонун халқаро стандартлар билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, миллий қонунчиликни замонавий таҳдидларга мослаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун болаларни ҳимоя қилиш соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда. Ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, замонавий таҳдидларга жавоб берадиган механизмларни жорий этиш ва жиноят ишларини юритишда болалар манфаатларини устувор этиб белгилаш орқали у комплекс ва самарали тизимни шакллантиради.

Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар болаларни нафақат ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, балки уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир. Зеро, болалари ҳимоя қилинган жамият барқарорлик, адолат ва фаровонлик учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш