Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологиясини амалиётга жорий этди

Май 18, 2026. 13:55 • 2 дақ

78
Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологиясини амалиётга жорий этди

ТУРКИСТОН, 18 май. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш орқали ёғингарчилик миқдорини кўпайтириш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири “Казинформ” халқаро ахборот агентлигига таяниб.

“Ушбу илмий лойиҳа халқаро ҳамкорлик ва рақамли технологияларга асосланган замонавий иқлим инфратузилмасини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа дунёнинг етакчи экспертлари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Бу маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва илғор технологияларни мамлакатимизга олиб кириш учун мустаҳкам асос бўлади”, – деди Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.

Янги лойиҳа сув омборларидаги сув ҳажмини ошириш ҳамда мамлакатнинг жанубий қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув ресурслари билан барқарор таъминлашга қаратилган.

Мазкур тадбирлар БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Ушбу марказ 1980 йиллардан буён иқлимни модификация қилиш ва сунъий ёғингарчилик ҳосил қилиш соҳасида катта тажрибага эга.

Қамрови ва ишлаш тамойили кўра, ушбу технология Туркистон вилоятидаги қурғоқчилик ва сув етишмовчилиги оқибатларини юмшатишга хизмат қилади ҳамда умумий майдони 911 минг гектардан зиёд экин ерларини қамраб олади.

Шунингдек ўқинг

Ишлаш радиусига кўра, сув тақчиллиги сезилаётган ҳудудларда маҳаллий даражада қўлланилаётган ушбу технология 5 км радиусда таъсир кўрсатади. Жараёнда халқаро миқёсда кенг қўлланиладиган хавфсиз тузли реагентлардан фойдаланилади.

“Казинформ”нинг ёзишича, Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий ёмғир технологиясини амалиётга тадбиқ этган илк давлат бўлди.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, сунъий ёмғир чақириш технологияси ёғингарчилик миқдорини табиий меъёрга нисбатан 10–20 фоизгача ошириш имконини беради. Бугунги кунда бундай усул АҚШ, Хитой, БАА, Франция ва Саудия Арабистони каби давлатларда фаол қўлланиб келинмоқда.

Лойиҳанинг ишга туширилиши аграр тармоқда сув таъминоти самарадорлигини ошириш, қурғоқчилик зарарини камайтириш ва ҳосилдорликни барқарор сақлашга хизмат қилади. Лойиҳадан кутилаётган потенциал иқтисодий фойда йилига 35 миллиард тенге (тахминан 75 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш