Хитойдан муносабат: Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишонч йирик қўшма лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратмоқда
Июль 10, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 132
ПЕКИН, 10 июль /“Дунё” АА/. Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси директори Ян Чэн “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон–Беларусь муносабатлари МДҲ ҳудудидаги ўзаро ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганига ёрқин мисолдир. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги шериклик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани иқтисодий кўрсаткичларда ҳам, олий даражадаги сиёсий мулоқотда ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Беларусга бу галги ташрифи Мустақиллик саройидаги расмий музокаралар билан эмас, балки Беларусь етакчисининг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида бўлиб ўтган норасмий учрашув билан бошланди. Шахсий ҳудудга таклиф этиш ишораси дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларидан анча юқори туради ва йиллар давомида шаклланган ишонч даражасидан далолат беради.
Биз камдан-кам учрайдиган ҳодисага гувоҳ бўлмоқдамиз: манфаатларнинг мос келиши етакчилар ўртасидаги самимий, дўстона муносабатлар билан мустаҳкамланиб, янада кенгаймоқда. Айнан норасмий учрашувлар, “ўз уйида” қабул қилиш ва энг мураккаб масалаларни муҳокама қилишга тайёрлик орқали намоён бўлган шахсий ишонч нафақат катта лойиҳаларни режалаштириш, балки уларни амалга ошириш имконини ҳам бермоқда.
Икки мамлакат муносабатлари иқтисодиётнинг юқори амалий мослигига таяниши билан тавсифланади. Беларусь машинасозлик, агросаноат мажмуаси ва муҳандислик соҳаларида ривожланган саноат мактабига эга. Ўзбекистон эса саноат базасини фаол модернизация қилаётган йирик ва тез ривожланаётган бозор ҳисобланади. Мамлакатлар иқтисодиёти бир-бири билан рақобатлашмайди, аксинча, бир-бирини узвий тўлдиради. Бу эса барқарор ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш истиқболларини кенгайтиради.
Ўзаро қизиқиш ортиб бораётганининг ёрқин кўрсаткичи товар айирбошлаш динамикасидир. 2025 йил якунларига кўра, унинг ҳажми қарийб чоракка ошиб, 965 миллион АҚШ долларига етди. Томонлар бу кўрсаткични 2030 йилгача 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган ва бу борада 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги техникаси, кабель ва фармацевтика маҳсулотлари бўйича қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишига айланмоқда. Озиқ-овқат, мебель ва кимё саноати, қурилиш материаллари ҳамда полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш истиқболли йўналишлар сирасига киради.
2026 йил 8 июль куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган Беларусь–Ўзбекистон ҳудудлари III форуми муҳим институционал қадам бўлди. Анжуман доирасида ҳудудлараро 12 та янги келишув имзоланди ва уларнинг умумий сони 30 тага етказилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга бу галги ташрифи чоғида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муносабатларнинг замонавий даражасини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистон–Беларусь муносабатлари ишончли шериклик даврини бошдан кечирмоқда. Унда тарихий хотира ва ўзаро ишонч улкан иқтисодий лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратса, иқтисодиётнинг бир-бирига мослиги барқарор ўсиш суръатларини таъминламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси