Қирғизистондан муносабат: Марказий Осиё тараққиётида Ўзбекистоннинг ҳиссаси жуда катта
Февраль 21, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 80
БИШКЕК, 21 февраль. /“Дунё” АА/. Қирғизистонлик таниқли сиёсатшунос Бакит Бакетаев “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг 17–19 февраль кунлари АҚШга қилган амалий ташрифи юзасидан фикр билдирди:
– 30 йилдан ортиқ вақтдан буён Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнларни кузатиб келаман. Шуни айта оламанки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақадаги кенг кўламли ва тизимли ўзгариш сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистон етакчисининг 17–19 февраль кунлари Тинчлик кенгашининг биринчи мажлисида иштироки нафақат икки томонлама, балки глобал аҳамиятга эга воқеадир. Ўзбекистон 2026 йил январь ойида Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида ташкил этилган янги халқаро платформа таъсисчилари қаторига кирганининг ўзи Тошкентнинг халқаро майдондаги обрўси ошганидан далолат беради.
Тошкентнинг Фаластин масаласидаги позицияси ҳар доим БМТ резолюцияларига мувофиқ адолатли ечимни қўллаб-қувватлашга асосланган ва энди бу позиция қўшимча халқаро платформага эга бўлмоқда.
Ўзбекистон–АҚШ мулоқоти фаоллашганини алоҳида қайд этиш зарур. Кейинги ойларда олий даражадаги мулоқотлар – БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этишдан тортиб, Қўшма Штатларда ишчи музокаралар ўтказиш ва иқтисодий ҳамкорликни, шу жумладан, “С5+1” форматида кенгайтиришгача сезиларли даражада фаоллашди. Бу муносабатлар сифат жиҳатидан янги стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Қўшни давлат вакили сифатида Ўзбекистондаги жараёнларни катта қизиқиш билан кузатаман. Биз, Марказий Осиёнинг қардош халқлари ислоҳотлар, институционал қурилиш ва тинчлик дипломатиясини мустаҳкамлаш масалаларида бир-биримиздан ўрганишимиз керак. Бир давлатнинг муваффақиятлари бутун минтақанинг барқарорлигини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг истеъдоди ва сиёсий узоқни кўра билиши, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида етилиб келаётган ҳарбий можарони тинчлантиришда муҳим роль ўйнади, шунингдек, Тинчлик кенгаши фаолиятида муҳим роль ўйнаши мумкин.
Марказий Осиё жаҳон сиёсатининг чеккасидан масъулиятли шериклик маконига айланиб бормоқда. Тошкентнинг бу жараёндаги ҳиссаси ҳам эътирофга лойиқ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
