Мадриддан муносабат: Ўзбекистон­–Беларусь ўртасидаги келишувлар иқтисодиётни янада юксалтириш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Июль 11, 2026. 11:30 • 2 дақ

84
Мадриддан муносабат: Ўзбекистон­–Беларусь ўртасидаги келишувлар иқтисодиётни янада юксалтириш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

МАДРИД, 11 июль /“Дунё” АА/. Испаниядаги Умум-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Беларусга амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга расмий ташрифи якунлари билан танишиб чиқдим. Ўйлашимча, эришилган келишувлар ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон–Беларус муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб берди.

Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Назаримда, бу шунчаки сиёсий ҳужжат эмас, балки ўзаро ишонч, ҳурмат ва умумий тараққиётга интилишга асосланган узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Амалга оширилган тайёргарлик ишларининг кўлами катта таассурот қолдирди. Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, Маданият кунлари ва экспертлар ҳамжамияти учрашувларининг ўтказилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга нисбатан тизимли ва пухта ўйланган ёндашув мавжудлигидан далолат беради.

Иқтисодиёт масалаларига қаратилган эътибор алоҳида таҳсинга лойиқ. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича режалар ҳар икки мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишига замин яратади.

Шунингдек ўқинг

Тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш ва тегишли инфратузилмани барпо этиш борасида Беларусь тажрибасини ўрганиш ҳамда қўллаш тўғрисидаги қарорни узоқни кўзлаган қарор деб биламан. Бундай ёндашув илғор технологияларни жорий этиш ва истиқболда мамлакатнинг энергетика соҳасини ривожлантиришга бўлган интилишни акс эттиради.

Гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳам аҳамиятли деб ҳисоблайман. Маданият, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, туризм ва ёшлар алмашинуви соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳамкорликнинг деярли барча асосий йўналишларини қамраб олган икки томонлама битим ва меморандумлардан иборат катта ҳужжатлар тўпламининг имзолангани алоҳида эътиборга молик. Бу томонларнинг ниятлари жиддийлигини ва стратегик шерикликни аниқ амалий натижалар билан бойитишга тайёр эканини ифодалайди.

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлайман. Ишончим комилки, эришилган келишувлар кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётни янада юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш