Мадриддан муносабат: Ўзбекистон–Сербия ўртасидаги қўшма лойиҳалар учун муҳим қадамлар ташланди

Сентябрь 10, 2026. 09:00 • 3 дақ

96
Мадриддан муносабат: Ўзбекистон–Сербия ўртасидаги қўшма лойиҳалар учун муҳим қадамлар ташланди

МАДРИД, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Паневропа иттифоқининг Испаниядаги президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 7–8 сентябрь кунлари Сербияга расмий ташрифи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Сербияга расмий ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Назаримда, Ўзбекистон–Сербия алоқаларининг сифат жиҳатидан янги босқичи – анъанавий сиёсий мулоқотдан аниқ иқтисодий ва сармоявий мазмунга эга стратегик шерикликка ўтаётганидадир.

Икки давлат раҳбарининг стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қарори алоҳида аҳамият касб этади. Бу муҳим сиёсий ишора бўлиб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади.

Эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча асосий йўналишлари – савдо, сармоя, саноат, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, рақамли технологиялар, қайта тикланувчи энергетика, маданият, туризм ҳамда меҳнат миграциясини қамраб олгани ҳам муҳимдир.

Иқтисодий нуқтаи назардан, ушбу ташриф кенг истиқболларни очади. Сербия бизнеси учун Ўзбекистон Марказий Осиёнинг жадал ривожланаётган бозори ва минтақа бозорларига чиқиш йўлидаги муҳим ҳамкор сифатида қизиқиш уйғотмоқда.

Ўз навбатида, Сербия компаниялари саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва енгил саноат, энергетика ва бошқа соҳаларда салмоқли тажриба ҳамда технологияларга эгадир. Шу боис, қўшма корхоналар ташкил этиш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича келишувлар яқин йилларда аниқ натижалар бериши мумкин.

Эркин савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш бўйича келишув товарларнинг ўзаро бозорга кириши учун янада қулай шароит яратади. Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ўзаро савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш имконини беради.

Автомобиль бутловчи қисмлари, ускуналар, электротехника ва электроника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги келишувлар ҳам аҳамият жиҳатидан анча салмоқли.

Шунингдек ўқинг

Икки мамлакат расмий ва ишбилармон доираларининг 200 нафардан ортиқ вакили иштирокида Ўзбекистон–Сербия бизнес-форуми ўтказилганини ҳам юксак баҳолайман. Айнан тадбиркорлар ўртасидаги бундай бевосита алоқалар сиёсий келишувларни реал сармоявий лойиҳалар, қўшма корхоналар ва янги савдо шартномаларига айлантириш имконини беради.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Халқаро автомобиль ташувлари, темир йўл инфратузилмаси ва Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш соҳасида имзоланган ҳужжатлар стратегик аҳамиятга эга. Чунки улар Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Ҳудудлараро ҳамкорлик, хусусан, Самарқанд вилояти ва Воеводина автоном ўлкаси ўртасида шериклик алоқаларининг ўрнатилиши муниципалитетлар, тадбиркорлар, таълим муассасалари ва маданият ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа қилиш учун катта имконият саналади. Бундай ришталар икки томонлама ҳамкорликни янада барқарор қилади.

Гуманитар соҳада – таълим, маданият, кинематография, спорт ва туризм йўналишларида ҳамкорликнинг кенгаяётганини ҳам эътирофга лойиқ. Маданият кунлари, қўшма маданий тадбирлар ўтказиш ва соҳавий ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Мобиллик ва меҳнат миграцияси соҳасидаги келишув ҳар икки томон манфаатларига жавоб беради ва Ўзбекистон фуқароларини Сербияда ишга жойлаштиришнинг шаффоф ва самарали механизмларини яратишга ҳисса қўшади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифи нафақат муҳим дипломатик воқеа, балки амалий ҳамкорликнинг янги босқичи учун бошланғич нуқта бўлди. Имзоланган ҳужжатлар тўплами, эришилган келишувлар ва амалга оширилиши кутилаётган қўшма “Йўл харитаси” ўзаро стратегик шериклик аниқ иқтисодий ва ижтимоий мазмун касб этиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратмоқда.

Яқин йилларда биз ўзаро савдо ҳажмининг ортиши, янги сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, қўшма корхоналарнинг ташкил этилиши ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари, ҳудудлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги бевосита алоқаларнинг кенгайишига гувоҳ бўламиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш