Исломободдан муносабат: Ўзбекистон етакчисининг Остона саммитида билдирган таклифлари бутун дунёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга қаратилган
Апрель 24, 2026. 09:00 • 4 дақ
• 147
ИСЛОМОБОД, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Покистондаги Баҳрия университети профессори Адам Сауд “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон Президентининг Остонада бўлиб ўтган саммитлардаги нутқи билан батафсил танишиб чиқдим. Давлатингиз раҳбари ўз маърузаларида яна бир бор халқаро жамоатчилик эътиборини минтақавий экологик муаммоларга, хусусан, Орол денгизи инқирозига қаратди.
Орол денгизи фожиаси замонавий даврда инсон томонидан юзага келтирилган энг йирик экологик инқирозлардан бири ҳисобланади. Денгиз қарийб 90 фоизга чекинди, ортида эса заҳарли чўл, вайрон бўлган экотизимлар ва ҳалокатга учраган турмуш тарзи қолди. Орол денгизи фожиасидан энг кўп жабр кўрган мамлакат сифатида Ўзбекистон уни сақлаб қолиш борасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг янада кучайди. Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтган йиллар давомида мазкур муаммо минтақавий фожиадан глобал ҳамкорлик, инновация ва барқарор ривожланиш платформасига айлантирилди.
Расмий Тошкент Орол денгизи муаммосини фаол равишда глобал экологик масала сифатида илгари сурмоқда. Бу борадаги муҳим ютуқлардан бири Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилиниши бўлди.
Ушбу резолюция Орол минтақаси дуч келаётган экологик ҳалокатнинг халқаро миқёсда тан олиниши сифатида баҳоланиши лозим. Шунингдек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик муаммоларни ҳал этиш учун халқаро инвестициялар ва технологик ечимларни жалб қилиш имконини берди.
Мазкур муҳим ҳужжатни 60 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади ва бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташқи сиёсати ва ташаббускорлигини намоён этади. Тошкентнинг ёндашуви оддий тиклашдан кўра, инновацияларга устувор аҳамият беради. Бу реал ёндашувни англатади, яъни Орол денгизини тўлиқ тиклаш эҳтимоли паст эканини тан олган ҳолда, унинг салбий оқибатларини юмшатиш ва мослашув чораларини амалга ошириш мумкинлигини кўрсатади.
БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик жамғармасининг ташкил этилиши ҳам ушбу ёндашувнинг яна бир муҳим дипломатик ютуғи ҳисобланади. Мазкур жамғарма зарар кўрган ҳудудларда соғлиқни сақлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган.
Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган Орол денгизининг қуриган тубини “Яшил ҳудуд”га айлантириш лойиҳаси ҳам муҳим дастурлардан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа доирасида минтақада иқлимга чидамли саксовул дарахтларини кенг миқёсда экиш ишлари олиб борилмоқда. Қуриб қолган денгиз тубида ўрмонзорлар барпо этилиши катта ютуққа айланди. Бу ташаббус нафақат чанг бўронларини камайтиришга, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва Оролбўйида биохилма-хилликни тиклашга ҳам хизмат қилмоқда.
2025 йил апрель ойида ўтказилган Орол маданий саммити ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилди. Ушбу саммит дунёнинг турли бурчакларидан сиёсатчилар, олимлар, маданият ва фуқаролик жамияти вакилларини жамлаб, инновацион ечимларни муҳокама қилиш ва хабардорликни ошириш учун муҳим майдон яратди.
Ўзбекистоннинг минтақавий экологик муаммоларга, жумладан, Орол денгизи инқирозига нисбатан амалий ёндашуви – маданий дипломатия, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги ва қуриб қолган денгиз тубини ўрмонлаштириш ишлари билан уйғун ҳолда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қатъиятини намоён этади.
Остонада ўтказилган минтақавий экологик саммит якунлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини яққол намоён этди. Ушбу саммитда Ўзбекистон Президенти умумий экологик ҳолатни, айниқса, Орол денгизи минтақасини яхшилашга бўлган қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Остона саммитида минтақавий экологик муаммоларнинг олдини олиш ва Орол денгизи инқирозига қарши курашиш борасида билдирган таклифлари нафақат ўтмишда юзага келган экологик фожиани юмшатишга, балки бутун дунёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга барқарор ечимлар топишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси