Будапештдан муносабат: Ўзбекистон минтақада фақат ҳамкор эмас, балки муҳим ташаббускор давлат сифатида ҳам намоён бўлмоқда
Апрель 23, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 195
БУДАПЕШТ, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Венгрия Халқаро муносабатлар институти етакчи илмий ходими Шандор Шеремет “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўйлашимча, Орол денгизи фожиаси яна бир бор шуни кўрсатмоқдаки, иқлим билан боғлиқ муаммолар чегара танламайди. Якка тартибдаги ташаббуслар муҳим бўлса-да, улар комплекс минтақавий ҳамкорликсиз фақат чекланган натижа беради. Сув таъминоти, сув танқислиги, қурғоқчилик ва Орол денгизи ўрнида пайдо бўлган Оролқум чўлидан туз ва чанг тарқалиши нафақат Марказий Осиё, балки бутун қитъа учун умумий муаммодир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятидаги иштироки давлатнинг иқлим масалаларига масъулият билан ёндашаётганини ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳимлигини тўғри англаётганини кўрсатади.
Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчи давлатлар эканини, бу эса табиий равишда минтақавий етакчилик учун рақобат муҳитини шакллантиради. Соғлом рақобат энергетика хавфсизлиги, экологик сиёсат, иқлим ва сув ресурсларини бошқариш каби муҳим соҳаларда яқин ҳамкорликка тўсқинлик қилмайди.
Сирдарё ва Амударё сув ресурсларини тақсимлаш бўйича ягона автоматлаштирилган тизим жорий этиш, трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий асосларни шакллантириш каби ташаббуслар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президентининг Остонага ташрифи мамлакат раҳбариятининг сув ресурсларини бошқаришга прагматик ёндашувини ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканини кўрсатади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатда очиқлик ва минтақавий ҳамкорлик стратегиясини изчил амалга оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатлари миллий манфаатларни ҳимоя қилишда ҳамкорликни чеклов эмас, балки уни амалга ошириш воситаси сифатида кўраётган прагматик ёндашувни намоён этмоқда. Шу орқали Ўзбекистон минтақада фақат ҳамкор эмас, балки муҳим ташаббускор давлат сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси