Ўзбекистон ва Грузия: тарихий дўстликдан стратегик ҳамкорлик сари

Июль 02, 2026. 08:10 • 5 дақ

64
Ўзбекистон ва Грузия: тарихий дўстликдан стратегик ҳамкорлик сари

ТОШКЕНТ, 2 июль /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2­–3 июль кунлари давлат ташрифи билан Грузияда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихий илдизларга эга бўлиб, бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.

Икки мамлакатни нафақат қадимий савдо йўллари, балки ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатларга асосланган ҳамкорлик ҳам боғлаб туради. Кейинги йилларда олий даражадаги ташрифлар, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва маданий мулоқотларнинг фаоллашуви икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил 19 август куни ўрнатилган. Шундан буён икки томонлама сиёсий мулоқот изчил ривожланиб келмоқда. 1995 йил сентябрида ўзаро муносабатларнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Сўнгги йилларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар сиёсий ишончни янада мустаҳкамлади. Айниқса, 2022–2025 йилларда икки мамлакат Президентлари даражасидаги музокаралар, Бош вазирларнинг ўзаро расмий ташрифлари, Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишлари ҳамда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамкорликка янги суръат бағишлади.

2025 йил 5 март куни давлатимиз раҳбари мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Парламентлараро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Олий Мажлисда Грузия парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритади. Грузия вакиллари Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Икки мамлакат ўртасида эркин савдо режими амал қилади. Бу эса товар айирбошлаш ҳажмининг муттасил ўсишига хизмат қилмоқда.

Сўнгги беш йил ичида товар айирбошлаш ҳажми икки ярим бараварга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси кўпайди.

Мамлакатимизда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда.

Шунингдек, 2025 йил июнь ойида Тбилиси шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси ташкил этилди. Унда тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги юздан ортиқ етакчи ўзбек корхоналари иштирок этди.

Икки мамлакат ҳамкорлигида транзит ва транспорт-логистика масалалари алоҳида ўрин тутади. Жорий йил июнь ойида Грузиянинг Ахалкалаки шаҳрида янгиланган “Боку–Тбилиси–Карс” темир йўли очилишининг расмий маросими ўтказилди. Истиқболда мазкур транспорт йўлагининг бунёд этилаётган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли билан уйғунлашуви мамлакатларимизнинг транзит салоҳиятини янада ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий муносабатлар ҳам бой анъаналарга эга. Мамлакатлар мунтазам равишда кино кунлари, маданий фестиваллар, илмий ва таълим соҳасидаги тадбирларни ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, жорий йилда эса Тошкент шаҳрида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Таниқли грузин шоир Шота Руставели номига берилган пойтахтмизнинг марказий кўчаларидан бири ва унда бунёд этилган ҳайкал икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамлигидан далолат беради.

2025 йилда Тбилиси шаҳар кенгаши қарорига мувофиқ Грузия пойтахтидаги истироҳат боғларидан бири буюк ўзбек мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий номи билан аталди. Бу икки халқнинг бир-бирининг тарихи ва маданиятига бўлган юксак ҳурматининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бугунги кунда Тошкент–Тбилиси ҳамда Тошкент–Батуми йўналишларида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётгани сайёҳлик ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда тўрт мингга яқин грузин миллати вакиллари истиқомат қилади. 1994 йилдан буён Тошкент шаҳрида “Мегоброба” (“Дўстлик”) грузин миллий маданий маркази фаолият юритиб келмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасидаги муносабатлар илдизи қадимги даврларга бориб тақалади. Антик муаллифлар Хоразм билан Колхида ўртасида Амударё ва Каспий денгизи орқали савдо алоқалари мавжуд бўлганини қайд этган.

Буюк ипак йўли шаклланганидан кейин, айниқса VI асрдан бошлаб Самарқанд, Бухоро ва Хоразм орқали Кавказ ҳамда Византияга олиб борувчи муҳим савдо йўналиши вужудга келди. XII асрда яратилган Шота Руставелининг машҳур “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонида ҳам Хоразм тилга олинади. Бу эса ўрта асрлардаги Грузия билан Марказий Осиё ўртасида чуқур тарихий, маданий ва савдо алоқалари мавжуд бўлганидан далолат беради.

Кейинчалик ҳам грузин миллатига мансуб шахслар Ўзбекистон ҳаётида фаол иштирок этган. Улар орасида тадбиркорлар, меъморлар, олимлар, санъаткорлар ва шифокорлар бўлган. Тошкентдаги машҳур “Колизей” театрини қурдирган тадбиркор Георгий Цинцадзе, Ўзбекистон археология фани ривожига улкан ҳисса қўшган академик Эдуард Ртвеладзе каби шахслар икки халқ дўстлигининг ёрқин тимсоллари ҳисобланади.

Айниқса, академик Эдуард Ртвеладзенинг Ўзбекистон тарихи ва Буюк ипак йўлини ўрганишга бағишланган юзлаб илмий ишлари, Сурхондарёдаги қадимги шаҳар ўрнини аниқлашдаги меҳнатлари жаҳон илм-фанида катта воқеа сифатида эътироф этилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб халқаро шароитда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик асосида изчил ривожланмоқда. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, фаол иқтисодий ва гуманитар алоқалар, бой тарихий мерос ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шубҳасиз, бундай кенг кўламли алоқалар, турли учрашув ва мулоқотлар келгусида савдо, транспорт, инвестиция, туризм, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш