“World News Pakistan”: V Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро капитал учун жозибадор нуқтага айланади

Июнь 14, 2026. 14:30 • 2 дақ

19
“World News Pakistan”: V Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро капитал учун жозибадор нуқтага айланади

ИСЛОМОБОД, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “World News Pakistan” электрон нашрида бўлажак V юбилей Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб ҳабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада хабар қилинганидек, шу йил 16–19 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг энг йирик инвестициявий платформаси ва минтақанинг энг йирик бизнес форумларидан бири – V юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади.

“Тошкент халқаро инвестиция форуми иқтисодиёт билан бирга миқёсини ҳам кенгайтириб бормоқда. Ўтган йилги ТХИФ 8 000 дан ортиқ иштирокчини тўплади, улардан тахминан 3 000 нафари 97 та давлатдан келган хорижий делегатлар эди. Иқтисодий анжуман доирасида имзоланган шартнома ва келишувларнинг умумий ҳажми 30,5 миллиард долларга тенг бўлди”, дейилган нашрда.

Шунингдек ўқинг

Покистон электрон нашри ёзганидек, юбилей форумнинг марказий мавзуси 2026 йил март ойида Ўзбекистон Президенти фармони билан ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази бўлади. “ТХИФ-2026” ишбилармонлик дастури тўртта мазмунли блок атрофида тузилган: инвестиция барқарорлиги ва капитални ҳимоя қилиш механизмлари, молиявий инфратузилма ва капитал бозорларини ривожлантириш, савдо боғлиқлиги ва логистика коридорлари, энергетик ўтиш ва иқлимни молиялаштириш. Энг муҳим сессиялар қаторида – альтернатив инвестиция фондлари учун регуляторлик асосларини муҳокама қилиш, Ўрта коридор ва Транскаспий логистикаси бўйича муҳокамалар, Марказий Осиё суверен рейтинглари панели, чегаравий бозорларда blended finance инструментлари билан ишлаш амалиёти бор”.

“World News Pakistan”, шунингдек, Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Ўзбекистон 2030 йилгача электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54% га етказишдек катта мақсад қўйган, деб таъкидланган.

“V Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро капитал учун жозибадор нуқтага ҳамда Марказий Осиёнинг инвестициялар борасидаги кун тартибини шакллантирувчи платформага айланади”, – деб ёзилган мақола охирида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш