Ўзаро авиақатновларнинг ўсиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм, таълим ва бизнес соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бермоқда
Июнь 14, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 49
ДЕҲЛИ, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг “Travel and Tour World” туристик порталида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида авиақатновларнинг жадал кенгаяётганига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда қайд этилишича, тўғридан-тўғри рейслар сонининг кўпайиши туризм соҳаси доирасидан четга чиқиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Нашрнинг ёзишича, йўловчи ташиш имкониятларининг кенгайиши таълим, тиббиёт, ишбилармонлик туризми (MICE-туризм) соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга бевосита туртки бермоқда ва икки мамлакат ўртасидаги бизнес-алоқаларни фаоллаштирмоқда.
Рейслар географияси ва сонининг кенгайиши шифокорлар, ўқитувчилар, талабалар ва тадбиркорларнинг чегараларни тез-тез ҳамда кам вақт сарфлаган ҳолда кесиб ўтиши учун шароит яратмоқда, деб таъкидланади материалда. Бу, айниқса, халқаро таълим, хориждаги тиббий хизматлар ва қўшма бизнес-лойиҳаларга талаб ортиб бораётган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.
Туристик портал муаллифлари, шунингдек, авиарейслар сонининг кўпайиши ўзаро сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилишини, ўзбекистонликлар учун янги саёҳат йўналишларини очишини, хорижлик меҳмонларга эса Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси билан танишиш учун янада қулай имкониятлар тақдим этишини қайд этган.
Узоқ муддатли истиқболда бу ҳолат барқарор иқтисодий шериклик ҳамда мамлакатимизнинг глобал транспорт коридорларига интеграциялашуви учун имкониятларни янада кенгайтиради.
Ушбу мақола Ҳиндистоннинг авиаалоқаларни ривожлантиришни халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўраётган тегишли идоралари ва туроператорларида катта қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси