Ўзбекистон делегацияси Мисрда чўл ҳудудларини ўзлаштириш бўйича илғор тажриба билан танишди
Февраль 08, 2026. 11:20 • 2 дақ
• 43ҚОҲИРА, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш раиси Сахи Аннакличев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Мисрга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан “Туронбанк” АТБ раиси Чингиз Мирзаев, “UzAgroStar Holding” директори Фарҳод Мухиддинов, “Булунғур – Агро Стар” МЧЖ директори Маҳмуд Бозорбоев, “Agro Gold Premium” раҳбари Шерзод Султонов ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ўрин олди.
Ташриф доирасида ўтказилган учрашувлар давомида чўл ҳудудларини ўзлаштириш, ер ости сувларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда йирик агролойиҳаларни амалга ошириш бўйича “Мустақбал Миср” компаниясининг илғор тажрибаси тақдим этилди.
Музокаралар чоғида ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида қўллаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида инвестицион ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация “Янги делта” ҳудудида жойлашган йирик дала майдонларига ташриф буюриб, лойиҳаларни амалга ошириш кўлами, ерларни режалаштириш даражаси ҳамда мазкур ташаббусларнинг мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда тутган ўрни билан бевосита танишди.
Томонлар мазкур тажриба Ўзбекистонда чўл ҳудудларини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
“Мустақбал Миср” (Миср истиқболи) лойиҳаси Мисрда амалга оширилаётган йирик давлат аҳамиятига эга дастурлардан бири бўлиб, у асосан мамлакатнинг ғарбий қисмида чўл ҳудудларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма барпо этиш, янги жамоалар, иш ўринлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини яратишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




