Logo

Ўзбекистон Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро туризм кўргазмасида илк бор миллий стендини тақдим этди

Февраль 10, 2026. 12:50 • 2 дақ

51
Ўзбекистон Мумбай шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро туризм кўргазмасида илк бор миллий стендини тақдим этди

МУМБАЙ, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, Туризм қўмитаси, «Uzbekistan Airways» АЖ, шунингдек, мамлакатимизнинг қатор етакчи туристик компаниялари ва меҳмонхоналари вакилларидан иборат делегация Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида якунланган OTM-2026 (Outbound Travel Market) йирик халқаро туристик ярмаркасида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур ярмаркада мамлакатимиз илк бор ягона Ўзбекистон миллий стенди ҳамда миллий авиаташувчининг алоҳида стенди билан иштирок этди.

60 дан ортиқ мамлакатдан 2200 дан зиёд туристик ташкилотлар, етакчи туроператорлар, меҳмонхона тармоқлари ва туризм индустрияси компанияларини жамлаган ушбу йирик тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси юртимизнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тақдим этди. Ярмарка иштирокчилари ва меҳмонларига турли экспонатлар, тарқатма материаллар, аудио ва видеолавҳалар намойиш этилди.

«B2B» ва «B2C» шаклларида ўтказилган музокаралар якунида ҳиндистонлик ва бошқа давлатлардаги ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Ўзбекистондан махсус таклиф этилган санъаткорлар гуруҳи томонидан ижро этилган миллий рақс ва мусиқалардан иборат концерт дастури тадбирга ўзгача жозиба бағишлади.

Нуфузли делегациянинг ушбу кўргазмадаги иштироки сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм соҳасидаги алмашинув жадал суръатлар билан ривожланаётганини ва юқори натижалар қайд этаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонга Ҳиндистондан 80 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 100 минг нафарга етиши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг ҳиндистонлик меҳмонлар учун жозибадор йўналиш сифатида машҳурлиги ортиб бораётганидан ва миллий туристик маҳсулотни асосий халқаро бозорларда тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш