Logo

Ўзбекистон элчиси МАГАТЭ бош директори билан учрашди

Март 31, 2026. 18:47 • 2 дақ

146
Ўзбекистон элчиси МАГАТЭ бош директори билан учрашди

ВЕНА, 31 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов 30 март куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этиб, шерикликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

МАГАТЭ раҳбари Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва стратегик лойиҳаларни юқори баҳолади. Рафаэль Гросси мамлакатимизнинг мазкур йўналишдаги изчил саъй-ҳаракатлари Агентлик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Суҳбат давомида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, миллий мутахассисларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда уларнинг нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдиришди. Ушбу мулоқот Ўзбекистоннинг хавфсиз ва замонавий ядровий технологияларни ривожлантириш йўлида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш