Ўзбекистон ва Люксембург парламентлараро мулоқотнинг янги истиқболларини белгилаб олмоқда
Март 30, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 121
ЛЮКСЕМБУРГ, 30 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Ғайрат Фозилов Люксембург Депутатлар палатасининг Халқаро муносабатлар қўмитаси раиси ўринбосари Ив Крюхтен билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида Люксембург делегациясининг Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги иштироки икки томонлама мулоқотни фаоллаштиришда муҳим пойдевор бўлгани алоҳида қайд этилди. Ушбу жараённинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлисида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев раҳбарлигида “Ўзбекистон–Люксембург” дўстлик гуруҳи ташкил этилгани юқори баҳоланди.
Мазкур ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Люксембург Депутатлар палатаси ўртасида навбатдаги музокаларни ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, учрашувнинг амалий натижаси сифатида Люксембург Депутатлар палатаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ишлаб чиқишни томонлар режалаштирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси