Ўзбекистон ва Қозоғистон мутахассислари минерал хомашёни таҳлил қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича тажриба алмашмоқда
Июль 03, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 4
ОСТОНА, 3 июль. /“Дунё” АА/. Қозоғистон ва Ўзбекистон мутахассислари минерал хомашёни таҳлил қилишнинг замонавий усуллари ва лаборатория технологияларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Inbusiness” ахборот агентлигига таяниб.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Қозоғистоннинг Шарқий рангли металлар ва кон-металлургия илмий-тадқиқот институти мутахассислари “Ўзбек геология қидирув” АЖ Марказий лабораторияси ҳамда Самарқанддаги таҳлилий лаборатория мажмуаси фаолияти билан танишди. Улар ўзбекистонлик ҳамкасблари томонидан қўлланилаётган илмий-техник ёндашувлар ва илғор лаборатория амалиётини ўрганди.
Учрашувда рудалар ва уларни бойитиш маҳсулотларини синовдан ўтказиш, лабораторияларнинг малакани баҳолаш дастурларида иштирокини кенгайтириш, замонавий таҳлил усулларини қўллаш ҳамда аналитик назорат соҳасига янги технологик ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистонлик мутахассислар минерал хомашёни лаборатория шароитида тадқиқ этиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий синов методикаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, стандарт намуналардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Мутахассислар фикрича, бундай тажриба алмашинуви лаборатория тадқиқотлари сифатини янада такомиллаштириш, аналитик назорат аниқлигини ошириш ҳамда тоғ-кон ва металлургия тармоқлари корхоналари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Қозоғистон Комплекс минерал хомашёни қайта ишлаш миллий маркази директор ўринбосари Лариса Кушакованинг таъкидлашича, профессионал тажриба алмашинуви янги технологик ечимларни ўрганиш, ички жараёнларни такомиллаштириш ҳамда сифат менежменти тизимини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилишича, институтнинг синов маркази геология, тоғ-кон саноати ва металлургия соҳалари учун синов методикаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга ихтисослашган замонавий аккредитациядан ўтган лаборатория ҳисобланади.
Шунингдек, бу ерда минерал хомашё ва саноат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, аналитик тадқиқотлар аниқлигини текшириш, лаборатория жиҳозларини калибрлаш ҳамда методикаларни метрологик аттестациядан ўтказиш учун стандарт намуналар ишлаб чиқилади ва сертификатланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси