Жээнбек Кулубаев: Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан бир йўлдан борамиз
Август 28, 2026. 08:10 • 8 дақ
• 57
БИШКЕК, 28 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” ААга интервью бериб, Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.
– Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонламоқда. Ўтган давр давомида мамлакат улкан тараққиёт ва ўзгаришлар йўлини босиб ўтди. Сизнингча, мамлакатнинг қайси ислоҳотлари муҳим аҳамият касб этди?
– Аввало, қирғиз халқи ва шахсан ўз номимдан ўзбекистонлик барча қардошларни қутлуғ шодиёна билан чин қалбимдан табриклайман. Жорий йил нафақат Ўзбекистон, балки юбилей саналарини нишонлаётган минтақамизнинг барча давлатлари учун ҳам муҳим давр ҳисобланади.
Тараққиётнинг 35 йили давомида Ўзбекистон шаклланиш ва ўзгаришларнинг ёрқин йўлини босиб ўтди. Энг муҳим ютуқ сифатида мен Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланганини қайд этган бўлардим.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликнинг замонавий моделини шакллантиришда асосий меъморлардан бирига айланди. Қўшни давлатлар билан муносабатлар яхши қўшничилик, шериклик ва биргаликда тараққий этишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилди.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараси масалалари ҳал этилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу масалалар кўп йиллар давомида мураккаб минтақавий муаммо бўлиб келган. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар тарихга кирган улкан дипломатик ютуқдир. Бугун Ўзбекистон дунёга асосий қадриятлари бирлик, барқарорлик ва инсон тараққиёти бўлган давлатнинг ўзига хос моделини ишонч билан намоён этмоқда.
Ҳозирда мамлакат яна бир ўзига хос ташаббус билан олға илдамламоқда. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган “Учинчи Ренессанс” дея ном олган кенг кўламли ислоҳотлардир. Мазкур концепция Ўзбекистоннинг жаҳон майдони ва тарихида қайта уйғонишини англатади.
Мамлакат таълим ва маданиятдан тортиб ташқи сиёсат ва иқтисодиётгача бўлган деярли барча соҳаларда сезиларли тараққиётга эришмоқда. Бугун Ўзбекистон халқаро академик тадқиқотлар, конференциялар ва симпозиумларнинг муҳим объектига айланди.
Яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида биз Ўзбекистондаги ўзгаришларни катта мамнуният билан кузатмоқдамиз ва биродар мамлакатнинг муваффақиятларидан чин дилдан қувонамиз.
– Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида конструктив ва жадал ривожланаётган ҳамкорлик шаклланган. Қайси қўшма лойиҳалар, ҳамкорлик йўналишлари муваффақиятли кечмоқда ва келгусида шериклик муносабатлари бўйича режалар қандай?
– Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳамкорлигимизнинг янги даражасини белгилаган тарихий воқеа бўлди.
Биз биргаликда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. У Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт боғлиқлигини кенгайтиради ҳамда бутун Марказий Осиёнинг логистика конфигурациясини ўзгартиради. Олдинда яна бир йирик лойиҳа – Қамбарота ГЭС-1 қурилиши турибди. Томонлар аллақачон миллиардлаб долларлик лойиҳалар ҳақида гапира бошлади.
Ўзбек–қирғиз тараққиёт жамғармасининг муваффақиятли фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунга қадар умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 37 та лойиҳа маъқулланган. Амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қарийб 900 та янги иш ўрни яратилди. Жамғарма тўқимачилик саноати, энергетика, логистика, ишлаб чиқариш, коммунал инфратузилма ва жамоат транспортини янгилаш соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда.
Саноат кооперацияси йўналишидаги муносабатларимиз ҳам тобора юксалмоқда. Эркин иқтисодий ва саноат зоналарини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Томонлар турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олди. Ўзбекистон компаниялари Қирғизистонда геология-қидирув ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалигида қўшма кластерлар ташкил этишни режалаштирмоқда.
Энг катта истиқболни савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказиш, транспорт-логистика коридорларини ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришда кўраман.
Умумий тарихимиз ва халқларимизнинг яқинлигига асосланган маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, маданият кунлари, илмий ва таълим алмашинувларини фаоллаштириш, икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби маданий тадбирлар сони ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этаман.
Қирғизистоннинг Андижондаги Бош консулхонасини очиш режалаштирилмоқда. Бу савдо, туризм, логистика ва маданий алоқаларни ривожлантиришга замин яратади.
– Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдир. Бундай ёндашув давлатлар ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшади?
– Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ёндашуви замонавий глобал чақириқларга муносиб жавоб, деб биламан.
Геосиёсий нотинчлик, иқтисодий беқарорлик ва глобал иқлим ўзгаришлари кучайиб бораётган шароитда минтақавий ҳамкорлик ҳаётий заруратга айланмоқда. Ўзбекистон етакчисининг Қирғизистонга давлат ташрифи Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги моделига босқичма-босқич ўтаётганининг навбатдаги тасдиғи бўлди.
Агар яна бир неча йил аввал минтақа давлатлари асосан тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишга эътибор қаратган бўлса, бугун биргаликдаги инфратузилма лойиҳалари, транспорт, энергетика ва саноат кооперациясига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бугун Марказий Осиё давлатлари рақобатчилар сифатида эмас, балки ўзаро ҳамкор ва биргаликда тараққий этишдан манфаатдор шериклар сифатида ҳаракат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва изчил сиёсати Марказий Осиёнинг ички динамикасини ўзгартирган асосий омиллардан бири бўлди. Очиқ мулоқот, ишончли ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган сиёсат туфайли минтақа ўтмиш муаммоларини муҳокама қилишдан унинг келажагини белгилайдиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга босқичма-босқич ўтмоқда. Бундай ишончли муҳитда Евроосиёни ўзаро боғлайдиган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли каби улкан лойиҳаларни биргаликда ҳаётга татбиқ этмоқдамиз.
Биз БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, “Марказий Осиё+” форматлари ва бошқа кўп томонлама механизмлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бундай ёндашув Марказий Осиёнинг барча давлатлари манфаатларига тўлиқ мос келади ва янада барқарор ҳамда ўзаро боғлиқ минтақани шакллантиришга хизмат қилади.
– Ўзбекистон иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, инновациялар, таълим, илм-фан каби масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яқин йилларда ушбу соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имкониятлар мавжуд?
– Ҳақиқатдан, Ўзбекистон барқарор ривожланиш, иқтисодий модернизация ва рақамли трансформация соҳаларида ўсиш динамикасини намоён этмоқда. “Учинчи Ренессанс” концепцияси мамлакатни илм-фан, таълим, маданият ва инновациялар марказига айлантиришни назарда тутади. Энг яқин ҳамкор сифатида Қирғизистон ушбу йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятларни кўрмоқда.
Барқарор ривожланиш соҳасида биз тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш йўналишида фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Ўзбекистон томони 2027 йилда “Бишкек+25” иккинчи халқаро тоғ саммитини ўтказишни қўллаб-қувватламоқда.
Инвестиция ва иқтисодиёт соҳасида саноат кооперациясини кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжуд. 28 июль куни бўлиб ўтган Қирғизистон–Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича 16 та ҳужжат имзоланди.
Йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 45 фоизга ўсиб, 624,6 миллион долларга етди. Биз товар айланмасини 3 миллиард долларгача оширишни мақсад қилганмиз.
Рақамли трансформация соҳасида ҳам аллақачон аниқ натижалар мавжуд. Рақамли идентификация ва электрон ҳужжат айланиши тизимини ўз ичига олган қўшма лойиҳалар жорий этилмоқда. Икки мамлакат тўлов тизимлари ўртасида ягона тўлов экотизими яратилмоқда.
Ҳайдовчиларимиз халқаро автомобиль юк ташуви учун рухсатномалар алмашишда “e-Permit” рақамли тизимидан фаол фойдаланмоқда. Чегараолди жамоалар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган “Рақамли чегара” мобил иловаси муваффақиятли ишга туширилди.
Таълим, илм-фан ва инсон капитали йўналишида академик алмашинувларни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш учун истиқболлар мавжуд. Ўзбекистон минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий драйверларидан бири сифатидаги ролини изчил мустаҳкамламоқда ва биз бу жараёнда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
– Келажакка назар ташласак, 10–15 йилдан кейин Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз? Мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ва фаровонлигини оширишда қайси омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга?
– Келажакда Ўзбекистонни янада кучли, фаровон ва нуфузли давлат сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий ва ислом оламида етакчи мамлакат сифатида тасаввур қиламан.
Ўзбекистон Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашган. Шунинг учун унинг янада ривожланиши бутун Марказий Осиё ва туркий олам учун ҳам улкан аҳамиятга эга. “Учинчи Ренессанс” концепцияси воқеликка айланиши ҳамда Ўзбекистон илм-фан, маданият ва маънавиятнинг қайта уйғониш маркази сифатида жаҳон тарихида муносиб ўрин эгаллашига ишонаман.
Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишининг асосий омилларини, аввало, очиқлик, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришда кўраман. Айнан шу ёндашув амалий натижалар берди ва Марказий Осиёнинг келажагини белгиламоқда.
Иқтисодиёт, рақамли трансформация, таълим ва илм-фан соҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш мамлакат ривожида жуда муҳим. Инсон капитали, инновациялар ва технологияларга йўналтираётган инвестициялар узоқ муддатли фаровонликнинг асоси бўлади.
БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа кўп томонлама форматлар доирасида халқаро ва минтақавий интеграция жараёнларида фаол иштирок этиш давлатнинг тараққиётини белгилайди. Қўшнилар, жумладан, Қирғизистон билан ҳамкорликни юксалтириш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни сақлаш ўзига хос давлат модели бўлиб, унда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳурмат муҳитида истиқомат қилади.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири сифатида айтадиган бўлсам, биз бундан кейин ҳам бу йўлда Ўзбекистон билан бирга бўламиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада мустаҳкамланаверади. Бу бутун минтақа фаровонлиги ва тараққиёти учун мустаҳкам асос яратади.
Яна бир бор Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Биродар қўшниларимизга тинчлик ва фаровонлик йўлида улкан муваффақиятлар тилайман!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси