Таро Асо: Япония–Ўзбекистон муносабатлари тобора стратегик аҳамият касб этиб бормоқда

Август 27, 2026. 08:10 • 4 дақ

121
Таро Асо: Япония–Ўзбекистон муносабатлари тобора стратегик аҳамият касб этиб бормоқда

ТОКИО, 27 август. /“Дунё” АА/. Япония собиқ Бош вазири, парламентнинг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси раиси, Вакиллар палатаси депутати Таро Асо мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда бутун Ўзбекистон халқини самимий муборакбод этаман.

Япония Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатган илк давлатлардан бири ҳисобланади. Ўшандан буён икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сиёсат, иқтисодиёт, маданият каби соҳаларда изчил ривожланиб келмоқда.

Икки томонлама муносабатларнинг негизини ташкил этувчи халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари узоқ тарихга эга. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадимда Буюк ипак йўли орқали Марказий Осиёдан Японияга кўплаб маданий ва техник кашфиётлар кириб борган ва улар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган.

Айнан шундай тарихий алоқалар туфайли бугунги кунда ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, шериклик асосида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мен парламент депутати сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга доимо интилиб келганман. 1997 йилда вазир сифатида Ўзбекистонга илк ташрифимдан сўнг яна бир неча бор бу заминни зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлдим.

Юртингизга ҳар келганимда халқингизнинг меҳмондўстлиги ва самимийлиги менда катта таассурот қолдирган. Айниқса, Ўзбекистон Банк-молия академиясининг фахрий доктори унвони билан тақдирланганим мен учун ёрқин хотира бўлиб қолади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Президентининг Японияга амалга оширган ташрифи муносабатларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди. Бундан биз жуда миннатдормиз.

Ташриф чоғида “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти доирасидаги давлат раҳбарларининг биринчи саммити юксак савияда ташкил этилди. Шу билан бирга, олий даражадаги учрашувлар ва бизнес форумларда муҳим келишувларга эришилди.

Шунингдек ўқинг

Жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон–Япония” парламентлараро форумининг бешинчи йиғилишида икки мамлакат сиёсий партиялари томонидан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш учун замин яратди.

Биз “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасида белгиланган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаганмиз. Хусусан, учта устувор йўналиш – “Экология ва барқарор тараққиёт”, “Инсон капиталини ривожлантириш” ҳамда “Транспорт боғлиқлиги”га алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Сўнгги йилларда халқларимиз ўртасидаги алоқалар тобора фаоллашмоқда. Айни пайтда Японияда 7 минг нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади. Улар турли соҳаларда ўз мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Тўғридан-тўғри авиақатновлар туфайли Ўзбекистонга япониялик сайёҳлар оқими ҳам тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистон бозорида фаолият бошлаётган Япония компаниялари сони ошиб бораётганини таъкидлаш лозим. Қайта тикланувчи энергия, инфратузилма, рақамли технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, қайта ишлаш саноати ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш каби соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда. Аҳоли сони жадал ўсиб, иқтисодиёти шиддат билан ривожланаётган Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалар келгусида ҳам янада юксалишига ишончимиз комил.

Ўзбекистон Президенти саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши минтақанинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеини оширишга хизмат қилмоқда. Биз бундай эзгу саъй-ҳаракатларни алоҳида қадрлаймиз. Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётганини эътироф этаман.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар стратегик аҳамият касб этиб бормоқда. Келгуси йили Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 35 йил бўлади. Биз узоқ йиллик дўстликка эга Япония–Ўзбекистон муносабатларининг янада равнақ топиши йўлида бундан кейин ҳам астойдил ҳаракат қиламиз.

Яна бир бор Ўзбекистон халқини қутлуғ шодиёна билан муборакбод этган ҳолда, соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш