Logo

Эронда Ардабил декларацияси қабул қилинди

Октябрь 08, 2023. 13:28 • 2 дақ

396
Эронда Ардабил декларацияси қабул қилинди

ТЕҲРОН, 8 октябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 5 октябрь куни Эроннинг Ардабил шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар туризм вазирларининг 5-йиғилишида Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Баҳодир Абдуллаев бошчилигидаги ваколатхона делегацияси иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир якуни бўйича Ардабил декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда 2022 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон раислигида ўтказилган ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 4-йиғилиши ва унинг доирасида қабул қилинган "ИҲТ минтақасида COVID-19 пандемиясидан кейин туризм соҳасини жадал тиклаш, хавфсиз ва беқарор ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ижросининг ижобий натижалари қайд этилгани баробарида мамлакатимиз бағрида жойлашган Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти, деб эътироф этилгани муносабати билан қутланди.

Шунингдек, Ўзбекистонга 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-сессиясига мезбонлик қилаётгани учун миннатдорлик билдирилди. Бу, шубҳасиз, нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун қулай имконият эканлиги қайд этилди.

Тадбир доирасида Ардабил губернатори Сейид Ҳамед Амелий билан бўлиб ўтган учрашувда 2023 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Теҳронга ташрифи ҳамда Эрон Президенти Сайид Иброҳим Раисийнинг 2022 йил 14-16 сентябрь кунлари Самарқандга амалга оширган расмий ташрифлари доирасида ўтказилган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг ижроси  юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида Ардабил ва Шаҳрисабз ўртасидаги муштарак тарихий алоқалар қайд этилар экан, ушбу икки шаҳар ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш ҳамда иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни ривожлантириш таклифи илгари сурилди, Ўзбекистон вилоятлари ва Ардабил шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Шунингдек, "Rahan Sazeh Consulting Engineers" осма кўприклар қуриш ва "Proheal" доривор ўсимликлар компаниялари раҳбарлари ҳамда Ардабил сайёҳлик агентликлари уюшмаси раиси ва қатор сайёҳлик компаниялари раҳбарлари ("ALMA Tour & Travel", "Maral Tours", "Ershad Hotel & Hydrotherapy" ва ҳоказо) билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар чоғида Эроннинг туризм соҳаси вакиллари 2023 йил 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтажак Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-сессияси доирасидаги тадбирларга, жумладан, инвестфорумга таклиф этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш