Logo

Бельгияда Марказий Осиё давлатлари элчилари Европа Дипломатия академияси раҳбари ва тингловчилари билан учрашдилар

Сентябрь 25, 2023. 07:56 • 2 дақ

475
Бельгияда Марказий Осиё давлатлари элчилари Европа Дипломатия академияси раҳбари ва тингловчилари билан учрашдилар

 БРЮССЕЛЬ, 24 сентябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 22 сентябрь куни Бельгиянинг Брюгге шаҳридаги Европа коллежида Марказий Осиё давлатлари элчилари Европанинг етакчи дипломатия академияси ректори, Европа Иттифоқининг 2014-2019 йиллардаги Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили Федерика Могерини ҳамда Дипломатия академияси тингловчилари билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири. Европа Иттифоқининг турли давлатларидан келган дипломатлар билан суҳбат мавзуси Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга бағишланди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон элчихонаси вакиллари ҳозир бўлишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад европалик ёш дипломатларни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий фаолиятидаги устувор йўналишлар билан таништириш, уларнинг минтақамизга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа дипломатия муассасалари ўртасида ўзаро тушунишни чуқурлаштириш учун бевосита алоқаларни ривожлантириш билан изоҳланади.

Учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, ректор Федерика Могерини Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун тобора муҳим минтақага айланиб бораётганини таъкидлади. "Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда муҳим босқичлар кечди, энди улар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Икки томонлама алоқалар тобора кенгайиб бормоқда, давлат раҳбарларининг кўп томонлама учрашувлари бўлиб ўтмоқда, келгуси йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё–Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи савдо ва иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва атроф-муҳит, ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва яхши бошқарувни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик соҳаларида бир-бирлари учун қимматли шериклардир", деди у.

Учрашув чоғида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистоннинг янги, очиқлик сиёсати замонавий глобал жараёнлар шароитида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигига янги туртки бергани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ислоҳотлари ва сиёсати туфайли Марказий Осиёда ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни фаол ривожлантириш, шунингдек, ушбу минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим ижобий жараён бўлгани қайд этилди.

Икки минтақа мамлакатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Европа Комиссияси 2024 йил бошида Брюсселда бўлиб ўтадиган инвестиция форумига ҳозирлик кўраётгани ва барқарор транспорт коммуникацияларини, хусусан, Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган ва минтақа мамлакатларига ташқи бозорларга қўшимча кириш имконини берувчи Транс-Каспий йўлагини ривожлантириш учун молиялаштиришга эътибор қаратилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Мулоқот чоғида Европа Иттифоқи-Марказий Осиё муносабатларидаги ижобий тамойиллар, минтақа барқарорлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ташаббусларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув савол-жавобларга бой бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш