Ўзбекистоннинг 12 та олий таълим муассасаси "THE Impact Rankings-2025" рейтингида Топ-1000 университетлар рўйхатига кирди
Июнь 18, 2025. 18:13 • 2 дақ
• 136
ТОШКЕНТ, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 18 июнь куни нуфузли халқаро рейтинг агентлиги Times Higher Education (THE) томонидан "Impact Rankings 2025" натижалари эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимиз олий таълим муассасалари минтақада энг юқори кўрсаткичларни қайд этиб, Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида мутлақ етакчига айланди.
Агентлик университетларнинг БМТ томонидан белгиланган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) қўшган ҳиссасини таҳлил қилди. Унда Ўзбекистоннинг 59 та олий таълим муассасаси қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич минтақадаги энг юқори натижа ҳисобланади. Ушбу рақам билан Ўзбекистон глобал миқёсда вакиллик бўйича 13-ўриндан жой олди.
Шунмнгдек, Ўзбекистоннинг 12 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг Топ-1000 талик университетлари рўйхатидан ўрин эгаллади. Улар орасидан учта университет рейтингнинг энг юқори — 201-300 ўринлар бандида қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўтган йилги натижаси (301-400) ни 100 поғона яхшилаган бўлса, Ўзбекистон Миллий университети ва "ТИҚХММИ" Миллий тадқиқот университети ўтган йилги рейтингдаги кўрсаткичи (601–800)дан жорий йилда 400 поғона ортиқ юқорилаб, кескин ўсишга эришди.
Рейтинг натижаларига кўра, минтақанинг энг кучли 10 та олий таълим муассасаси рўйхатидан Ўзбекистоннинг 7 та университети ўрин олди. Бундан ташқари, мамлакат университетлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича 11 та йўналишда минтақавий етакчи ёки қўшма етакчи сифатида тан олинган.
Мазкур натижалар Ўзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш, илмий-инновацион фаолиятни рағбатлантириш ва университетларни жамият ривожига фаол жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида қайд этилди.
Маълумот ўрнида, 2021 йилда эълон қилинган "THE Impact Rankings" рейтингидан юртимизнинг 12 та, 2022 йилда 30 та, 2023 йилда 47 та, 2024 йилда эса 53 та олий таълим муассасаси ўрин эгаллаган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди
ЎзДЖТУ делегацияси Аградаги университетга ташриф буюрди
Фарғона вилояти мактаб ўқитувчилари Япония таълим тажрибасини ўрганди
Буюк Британиянинг етакчи олий таълим ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади