Қашқадарёда Германия билан ҳамкорликда хусусий мактабгача таълим муассасаси иш бошлади
Октябрь 09, 2025. 13:04 • 2 дақ
• 92
ҚАРШИ, 9 октябрь. /"Дунё" АА/. Қарши шаҳрида Германиянинг "Ernst Klett AG" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Kinderwelt" Марказий Осиёдаги илк ўзбек-немис мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида ташкил этилган мазкур мактабгача таълим муассасасининг очилиш тадбирида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, "Ernst Klett" компанияси раҳбари Филипп Ҳауссманн бошчилигидаги немис делегацияси, "Klett Kita & Schule GmbH" бош директори Анн-Кристин Вернер ҳамда ҳокимият масъуллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон ва Германиянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини юқори баҳолар экан, ушбу ҳамкорлик вилоятдаги мактабгача таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишига ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади. "Сифатли таълим-тарбия - мамлакат тараққиётини ҳал қиладиган энг муҳим масала эканини бугун замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади. Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда эса иқтисодиёт барқарор ўсади", – деди вилоят ҳокими қутлов нутқида.
Сўзга чиққанлар, Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган замонавий, немис методологиясига асосланган нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлаганидан мамнун эканликларини билдирдилар. Мазкур муассаса болажонларга замонавий Европа стандартларига мос таълим ва тарбия бериши қайд этилди.
– Ишонаманки, "Kinderwelt" боғчасига келган болалар орадан 15 йил ўтиб, Германиянинг энг яхши университетларида таҳсил олишни бошлайдилар, – деди Филипп Ҳауссманн.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда немис ҳамкорлари томонидан катта методик ёрдам кўрсатилди, яъни ўқув дастурлари, тарбияси ва ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, дарс бериш методикаси ва тарбиявий ёндашувлар бўйича немис тажрибаси тўлиқ жорий этилди. Шунингдек, тўрт нафар маҳаллий педагог Германияда малака ошириб, Klett методологияси бўйича тайёргарликдан ўтишди. Яқин кунларда немис тарбиячиларининг Қарши шаҳрига келиши ва амалий ҳамкорликни давом эттириши режалаштирилган.
Тарбияланувчилар 300 ўринга мўлжалланган барча замонавий қулайликларга эга, болалар учун қулай ва хавфсиз бинода тарбия оладилар. Таъкидланишича, ушбу мактабгача таълим ташкилоти лойиҳасининг умумий қиймати 400 минг долларга тенг бўлиб, германиялик ва маҳаллий инвестор ҳамкорлигида ташкил этилган. Келгусида мамлакатимизда – бу каби нодавлат мактабгача таълим муассасаларини 30тага етказиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди
ЎзДЖТУ делегацияси Аградаги университетга ташриф буюрди
Фарғона вилояти мактаб ўқитувчилари Япония таълим тажрибасини ўрганди
Буюк Британиянинг етакчи олий таълим ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади