Logo

Тошкент давлат тиббиёт университети ва Қозон давлат тиббиёт университети ўртасидаги қўшма таълим дастурининг илк битирувчиларига диплом топширилди

Июль 02, 2025. 15:36 • 54 сония

600
Тошкент давлат тиббиёт университети ва Қозон давлат тиббиёт университети ўртасидаги қўшма таълим дастурининг илк битирувчиларига диплом топширилди

ҚОЗОН, 2 июль. /"Дунё" АА/. Қозон шаҳрида Тошкент давлат тиббиёт университети ва Қозон давлат тиббиёт университети қўшма таълим дастурининг биринчи битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган ва якуний аттестациядан ўтган 26 нафар битирувчига шифокор малакасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги диплом Татаристон Давлат Кенгаши биносида тантанали равишда топширилди. Битирувчиларни Татаристон Республикаси раҳбарияти номидан Татаристон Давлат Кенгаши ва Татаристон Халқлари Ассамблеяси раиси Фарид Мухаметшин табриклади.

2017 йил октябрь ойида Тошкент давлат тиббиёт университети ва Қозон давлат тиббиёт университети ўртасида профессор-ўқитувчилар, олимлар, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, қўшма илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Ҳужжатга кўра, 2019 йилдан бошлаб икки мамлакат университетлари ўртасида даволаш иши мутахассислиги бўйича икки томонлама диплом бериш қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, бу Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастури асосида таҳсил олган бўлажак шифокорларнинг дастлабки битирувчиларидир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш