Logo

Ўзбекистон давлат ташкилотлари ходимлари Британиянинг етакчи университет ва компанияларида амалиёт ўтайди

Март 29, 2024. 10:51 • 2 дақ

161
Ўзбекистон давлат ташкилотлари ходимлари Британиянинг етакчи университет ва компанияларида амалиёт ўтайди

ЛОНДОН, 29 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британиянинг "Kaplan International Pathways" таълим ташкилоти бошқарув директори Линда Коуэн билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири

Мулоқот чоғида Линда Коуэн Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширалаётган кенг-кўламли ислоҳотларни ва республика раҳбарияти томонидан ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратиб берилаётган шароитларни юқори баҳолади. 

Британия томони "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини қайд этди. Унинг айтишича, Жамғарма танловларидан муваффақиятли ўтган номзодларнинг "Kaplan International Pathways" ташкилоти кўмагида Британиянинг нуфузли университетларида ўқишни давом эттириши таъминланмоқда.

Томонлар Ўзбекистон вазирлик ва идоралари yходимларининг Британияда стажировкаларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Натижада ҳам назарий, ҳам амалий шаклда ташкил этиладиган амалиёт дастурларини нуфузли ташкилотлар ва йирик компанияларнинг штаб-квартираларида уюштиришга келишиб олинди.

Амалиёт давлат бошқаруви, молия ва иқтисодиёт, инвестицияларни жалб қилиш, банк иши, инсон ресурсларини самарали бошқариш ҳамда таълим ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш йўналишларида ишлаб чиқилади.

Учрашувдан кейин Ўзбекистон дипломатлари "Kaplan International Collage" фаолияти билан танишдилар.

Мазкур муассаса ташкилотнинг муҳим таълим марказларидан бири ҳисобланади. "Kaplan International Collage" Британиянинг нуфузли олий ўқув юртларига жумладан, Лондон университети, Крэнфилд университети, Queen Mary университети, Бристол университети, Вестминистер университети ва бошқа таълим муассасаларига кафолатланган қабул учун тайёрлов дастурларини тақдим этади.

"Kaplan International Pathways" халқаро талабалар учун университет дастурлари бўйича дунёдаги энг йирик бешта провайдерлардан бири ҳисобланади. У Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва бошқа нуфузли университетларга бакалавриат, магистратура ва докторантурага кириш учун дастурларни таклиф этади. Ушбу ташкилот "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш