Logo

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги мукофот билан тақдирланди

Июнь 05, 2025. 12:45 • 3 дақ

386
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги мукофот билан тақдирланди

ТОШКЕНТ, 5 июнь. /"Дунё" АА/.  3 июнь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги "Жаҳон динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги – 2025" мукофотини топшириш маросими ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мукофот 2010 йил 23 сентябрда Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 65-сессиясида таъсис этилган "Жаҳон динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги" ғолибига берилади. Ушбу ҳафталик ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтасида бутун дунё бўйлаб кенг миқёсда ташкил этилади.

2025 йилда ушбу ҳафталик доирасида 1300 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси "Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСCО" кафедраси томонидан жорий йилнинг 4-8 февраль кунлари "Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот – халқаро ҳамжиҳатлик омили" шиори остида илмий, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.

Қувонарлиси, Академияда ўтказилган мазкур ҳафталик Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги "Жаҳон динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги – 2025" мукофотига лойиқ деб топилди.

Мукофотни топшириш маросимида Иорданиянинг Ўзбекистондаги элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этишди.

Тадбирда Иордания элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод сўзга чиқиб, мазкур ютуқ Ўзбекистоннинг динлараро мулоқот ва бағрикенглик соҳасидаги давлат сиёсатининг халқаро даражада эътироф этилиши эканини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Академияда ўтказилган ҳафталик доирасида "Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот – халқаро ҳамжиҳатлик омили" номли халқаро илмий-амалий семинар, "Диний таълимотларда бағрикенглик" мавзусида талабалар илмий анжумани, "Соғлом эътиқод ва ҳамжиҳатлик – инсоний биродарлик асоси" мавзусида ёшлар ўртасида ижтимоий видеоролик танлови, Академия талабалар театр жамоасининг "Сен етим эмассан" мавзусида саҳна кўриниши, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" шиори остида Ўзбекистондаги миллий-маданий марказ вакиллари иштирокида маданий чиқишлар, турли дин вакиллари иштирокида "Дўстлик дастурхони" тушлик тадбири ҳамда спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси ва мини-футбол турлари бўйича "Спорт – маданиятлар кўприги" номли конфессиялараро биродарлик спорт мусобақалари ташкил этилди.

Мазкур тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад эса инсоний биродарлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва диний эътиқодлар хилма-хиллигини тушуниш дунё халқлари ўртасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил эканини яна бир бор исботлашдан иборат бўлди.

Бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанлар, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик тамойили муҳим ўрин тутиши, бу борада яхлит, чуқур ўйланган сиёсат ва уни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Шундан сўнг Иордания элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод Академия ректори Музаффар Комиловга Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги "Жаҳон динлараро ҳамжиҳатлик ҳафталиги – 2025" мукофотини тантанали тарзда топширди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш