Logo

Германияда оғир касалликка чалинган ўзбек болаларига тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди

Март 18, 2025. 14:58 • 2 дақ

224
Германияда оғир касалликка чалинган ўзбек болаларига тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди

БЕРЛИН, 18 март. /"Дунё" АА/. Германияда "Зокир Абдусаттор болалари" номли халқаро хайрия жамғармаси ўз фаолиятини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур хайрия ташкилоти мамлакатимиздаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг соғлиғини тиклаш ва реабилитациясини ташкил этиш мақсадида тузилган.

Ушбу лойиҳа туризмга ихтисослашган "Uzbekistan-online" ва "Uzbekistan-Gallerie" онлайн нашрлар раҳбари, бавариялик Герхард Биркл ва Германиядаги бир гуруҳ ватандошлар ташаббуси билан "TEZPARCEL" логистик компанияси кўмагида ташкил этилди. Жамғарма Франкфурт-Майн шаҳрида яшаган ва хайрия ишлари билан танилган Зокир Абдусаттор хотирасига очилди.

У ўзбек болалари учун қатор саховатли лойиҳаларни амалга оширган, мазкур хайрия жамғармаси эса унинг эзгу ишларини давом эттиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири юртимиздаги жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган, онкологик ва неврологик касалликларга чалинган болаларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Хусусан, ADHS, ADS, аутизм, ZPR ва онкологик касалликларга дучор бўлган болаларни даволашда Германиядаги етакчи мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган.

Жамғарма ўз олдига болаларни бепул текширувдан ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш, маҳаллий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналар ҳамда диагностик аппаратлар билан таъминлаш, оғир касалликка чалинган болалар учун Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш имкониятларини яратиш каби мақсадларни қўйган.

Ташкилот ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун умид ва имконият эшигини очади. Унинг самарали фаолияти орқали келажакда янада кўп болалар сифатли тиббий хизмат олиш имкониятига эга бўлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш