Logo

Ўзбекистон парламент делегацияси Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти саноат, тижорат ва инвестициялар вазири билан музокара ўтказди

Октябрь 02, 2025. 19:04 • 2 дақ

270
Ўзбекистон парламент делегацияси Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти саноат, тижорат ва инвестициялар вазири билан музокара ўтказди

ЛАҲОР, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Лаҳор шаҳрида Панжоб вилояти Саноат, тижорат ва инвестициялар вазири Шафай Ҳусайн билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида саноат кооперацияси, эркин иқтисодий зоналарда ҳамкорлик, турли истиқболли йўналишларда қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида вазир Шафай Ҳусайн етти йил аввал Ўзбекистонга қилган ташрифини илиқ хотиралар билан ёдга олди.

Музокаралар давомида вазир Панжоб вилоятида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар, уларнинг фаолияти ва яратилган шарт-шароитлар ҳақида тақдимот ўтказди.

Сиалкот шаҳрининг спорт инвентарлари ва формалар ишлаб чиқаришдаги тажрибаси ҳамда ушбу йўналишда Ўзбекистон билан истиқболли ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Шафай Ҳусайн, шунингдек, Панжобнинг жарроҳлик асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришдаги ютуқларига, ушбу йўналишда Ўзбекистон билан шерикчилик қилишнинг муҳимлигига тўхталиб ўтди. Дастлабки босқичда бу турдаги маҳсулотларни мамлакатимизга экспорт қилиш, кейинчалик эса қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш, тайёр маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда етказиб беришга қизиқиш билдирилди.

Учрашувда Панжоб вилоятининг сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳиятига ҳам эътибор қаратилди. Ҳар йили 50 миллион тоннадан ортиқ сут ишлаб чиқарилаётгани, маҳсулотлар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши таъкидланди. Бу борада ҳам Ўзбекистон билан экспорт-импорт алоқаларини йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Вазир инвестицион лойиҳалар бўйича амалий ишларни ҳозирдан бошлаш зарурлигини билдириб, ўз вазирлигидан Ўзбекистон билан ишлаш учун масъуллар тайинланишини маълум қилди, жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга нуфузли бизнес-делегация билан ташриф буюриш ниятида эканини билдирди.

Учрашув якунида Шафай Ҳусайн Ўзбекистон парламенти делегациясига ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, саноат кооперацияси ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш