Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши якунида Қўшма декларация қабул қилинди
Декабрь 17, 2025. 09:35 • 2 дақ
• 89
ТОШКЕНТ, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Кеча пойтахтимизда “Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, ялпи мажлис ва сессиялар доирасида инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформация йўналишлари бўйича фикрлар билдирилиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион ечимларни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди. Экология ва «яшил» сиёсат масалаларида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда парламент назоратини кучайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашувда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар гендер тенглик, ёшлар сиёсати, таълим ва маданий алмашинувларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш таклифни билдирди.
Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарлари учинчи йиғилишининг Қўшма декларацияси ҳам қабул қилинди.
Келгусида парламент дипломатиясини кучайтириш, қонунчилик бўйича илғор тажрибалар билан алмашиш ва мулоқот майдонларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг навбатдаги — IV йиғилишини 2026 йилда Қозоғистон Республикасида ўтказиш назарда тутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди